ЎзА Ўзбек

09.07.2014 15:54 Болалар спорти

Ёш футболчиларимизнинг дастлабки ғалабаси

Жорий йилнинг октябрь ойида Мьянмада ўн тўққиз ёшгача футболчилар ўртасида бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Венгрияда ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинида қатнашмоқда.

Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги терма жамоамиз жисмоний, техник ва тактик машғулотлардан ташқари Венгрия ёшлар терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувлари ўтказишни ҳам режалаштирган.

Дастлабки баҳсда ҳамюртларимиз Венгрия ёшларини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Учрашувнинг 16-дақиқасида Забиҳилло Ўринбоев ҳисобни очди, аммо биринчи бўлим якунланишига ўн бир дақиқа қолганда венгрияликлар мувозанатни тиклади. Ўйиннинг 67-дақиқасида Забиҳилло Ўринбоев рақиб дарвозасига иккинчи голни киритиб, терма жамоамизнинг ғалабасини таъминлади.

Ёш футболчиларнинг иккинчи ўртоқлик учрашуви 11 июль куни бўлиб ўтади.

ЎзА, Б.Айтмуродов