ЎзА Ўзбек

17.07.2014 13:46 Болалар спорти

Ёш боксчиларимиз муваффақияти

Ўзбекистонлик ёш боксчилар Сербиянинг Суботица шаҳрида ўтказилган анъанавий халқаро турнирда муваффақиятли қатнашди.

Йигирмадан зиёд мамлакатдан ёш чарм қўлқоп усталари иштирок этган турнирда Марат Қурбонов бошчилигидаги Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзолари 8 медални қўлга киритди.

Мусобақанинг вазни 56 килограммгача бўлган боксчилар баҳсида қатнашган Абдулҳай Шораҳматов туркиялик Омер Кож, кипрлик Михалис Иоанноу ва ҳал қилувчи беллашувда россиялик Павел Фёдоровни мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати совриндори Козимбек Мардонов ҳам ўз вазни (75 килограмм)даги чарм қўлқоп усталари ўртасида тенгсиз эканини исботлади. У австралиялик Клай Ватерман, кипрлик Панай Оноуфриос, франциялик Луис Тоутин ва мезбонлар вакили Миралем Ахмети устидан ғалаба қозониб, олтин медалга сазовор бўлди.

Сулаймон Латипов ва Маҳмуд Ғойипов иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, Бобирмирзо Толипов, Бектемир Мелиқўзиев, Обиджон Тоҳиров ва Раҳматилла Ғофуров бронза медаль билан тақдирланди.

ЎзА, Б.Айтмуродов