ЎзА Ўзбек

07.07.2014 16:51 Болалар спорти

Ёш автоназоратчилар беллашуви

Жиззахда ёш автоназоратчилар республика анъанавий анжумани бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан 14 жамоа иштирок этди.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида ташкил этилган тадбир Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ҳамкорлигида ўтказилди.

Анжуманда иштирокчилар йўл ҳаракати қоидалари бўйича назарий имтиҳон, “Хавфсиз ғилдирак” ёш велосипедчилар пойгаси, “Ёш пиёда”, “Ёш бошқарувчи”, йўл-транспорт ҳодисаси натижасида жароҳатланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, “Техника ижодиёти”, йўл ҳаракати қоидалари тарғиботи бўйича ўз маҳоратини намойиш этди.

Мусобақада Жиззах вилояти Зомин туманидаги 54-умумтаълим мактабининг “Машъал” жамоаси олий ўринга сазовор бўлди. Биринчи ўринни Тошкент шаҳри Юнусобод тумани 17-умумтаълим мактабининг “Ёш назоратчилар” жамоаси эгаллади. Иккинчи ва учинчи ўрин хоразмлик ва қашқадарёлик ёш автоназоратчиларга насиб этди.

Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Анжуман доирасида болалар ўртасида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ўқув муассасаларида йўл ҳаракати қоидалари ўқитилишини янада такомиллаштириш, бу борада оммавий ахборот воситалари ва давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ўзаро ҳамкорлик масалаларига бағишланган семинар ўтказилди.

ЎзА, Т.Бекназаров