ЎзА Ўзбек

14.09.2015 20:08 Болалар спорти

Янги сув спорти саройи иш бошлади

Янги сув спорти саройи иш бошлади Фарғона шаҳрида янги бунёд этилган муҳташам спорт кошонаси – сув спорти саройи фойдаланишга топширилди.

Президентимизнинг 2011 йил 15 ноябрдаги “2012-2015 йилларда Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, ижтимоий ва транспорт-коммунал инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида шаҳарда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Замонавий корхоналар, таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт мажмуалари ва стадионлар, йўллар, хиёбонлар барпо этилаётир.

Бундай ишлар самарасида Фарғона шаҳрининг маркази қайтадан бунёд этилди. Шаҳар атрофида кичик халқа йўли қурилди. Йўл бўйларига ҳудуднинг табиий-иқлим шароитига мос манзарали дарахтлар экилди. Мустақиллик ва Аҳмад Фарғоний кўчаларида ландшафт архитектураси асосида Каштанлар хиёбони ташкил этилди. Бу шаҳар ҳавоси мусаффолигини таъминлаш, аҳолининг ҳаёт сифатини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

4c (1).JPG
Замонавий уй-жойлар, 20 минг ўринли стадион, Театр-концерт саройи каби иншоотлар ноёб меъморий ечими, ўзига хос дизайни билан Фарғона шаҳри кўркига кўрк қўшди. Янги сув спорти саройи ҳам ана шу ишлардан биридир.

Мамлакатимизда ёшларни спортга кенг жалб этиш орқали соғлом, баркамол авлодни вояга етказиш, айниқса, болалар спортини ривожлантириш, спорт мажмуаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг самарасида ёшларимиз қитъа ва жаҳон биринчиликларида, Олимпия ўйинлари ва бошқа нуфузли халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришаётир. Хусусан, кейинги ўн йилда Фарғона вилоятидан спортнинг турли йўналишлари бўйича элликдан ортиқ жаҳон ва Осиё чемпионлари етишиб чиққани Президентимиз раҳнамолигида жисмоний тарбия ва спортни халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида кенг оммалаштириш бўйича олиб борилаётган ишларнинг амалий самарасидир.

Фарғона шаҳрида бунёд этилган Сув спорти саройи вилоят ёшлари учун яна бир туҳфа бўлди. “Қувасойтаъмирқурилиш” масъулияти чекланган жамияти бунёдкорлари томонидан 14 миллиард 700 миллион сўмликдан ортиқ маблағ эвазига барпо этилган мазкур ёпиқ сузиш мажмуасида барча шароит яратилган. Сув ҳавзаси, машғулот ва тренажёр залларига эга ушбу мажмуада болалар сузиш, синхрон сузиш, сув полоси каби спорт турлари билан шуғулланади. 

– Сузиш билан мунтазам шуғулланган ўғил-қиз ҳар томонлама соғлом бўлиб улғаяди, – дейди сув спорти саройи директори Шерзод Ўсарқулов. – Айниқса, жорий йилнинг ўзида фарғоналик ёшлар мамлакатимизда ўтказилган мусобақаларда 5 олтин медални қўлга киритгани ҳам мазкур спорт тури тобора оммалашаётганидан далолатдир. Бир вақтнинг ўзида бу ерда 120 нафар ўғил-қиз шуғулланиши мумкин. Яна бир аҳамиятли томони, болаларда учрайдиган сколиоз, астма, остеохондроз, суяк-бўғим тизимидаги бирламчи хасталиклар ривожланишининг олдини олиш ва бутунлай бартараф этишда сузиш машғулотлари муҳим ўрин тутади.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА