Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.12.2015 11:47 Болалар спорти

Янги спорт мажмуалари ёшлар хизматида

Самарқанд вилоятида Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан бунёд этилган бир қатор спорт иншоотлари фойдаланишга топширилди.

Ургут туманидаги 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби учун қурилган сув спорти саройининг очилиш маросимида Президентимиз раҳнамолигида болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, истеъдодли спортчи ёшларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.

– Муассасамизда бугунги кунда 900 дан зиёд ёш спортнинг етти тури бўйича мунтазам шуғулланмоқда, – дейди мактаб директори ўринбосари Асадулла Пўлатов. – Ўттиздан ортиқ мураббий ўғил-қизларнинг мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиши учун машғулотлар олиб бормоқда. Эндиликда муассасамизда сув спорти билан шуғулланиш учун ҳам имконият яратилди.

Спорт иншоотининг қурилишига жамғарма ҳисобидан 2 миллиард 600 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди.

Пайариқ туманидаги 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида амалга оширилган капитал таъмирлаш ишлари доирасида бу ерда янги спорт зали бунёд этилиб, 12 миллион сўмлик замонавий спорт анжомлари билан таъминланди.

Умуман, жорий йилда вилоятда жамғарма томонидан 48,5 миллиард сўм маблағ эвазига қирқдан ортиқ спорт иншооти бунёд этилди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА