ЎзА Ўзбек

04.09.2015 13:42 Болалар спорти

Янги спорт масканлари

Фарғона вилоятида янги ўқув йили бошланиши муносабати билан 23 спорт иншооти фойдаланишга топширилди.

Президентимиз раҳнамолигида болалар спортини ривожлантириш, унинг оммавийлигини таъминлашга қаратилаётган эътибор фарзандларимизнинг соғлом ва баркамол улғайиши, уларда Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат ва миллий ғурур туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Маълумотларга кўра, 2003-2014 йилларда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан вилоятда 165 спорт иншооти барпо этилди ва тубдан реконструкция қилинди. Бу мақсадлар учун 91 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.

Таълим масканларида ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун барча шароитни яратиш ҳамда уларни турли спорт мусобақаларига жалб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2014-2015 ўқув йилида 500 га яқин фарғоналик ўғил-қиз мамлакат ва нуфузли халқаро мусобақаларда ғолиб бўлгани ана шу имкониятлар самарасидир.

– Ҳар бир спорт мажмуаси маҳаллий шароитлар ҳисобга олинган ҳолда, ҳудуд ёшларининг қизиқиш ва имкониятларидан келиб чиқиб қурилаётир, – дейди Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Фарғона вилояти филиали директори Маърифжон Турдиматов. – Натижада халқаро ареналарда улкан марраларни забт этаётган иқтидорли спортчи-ёшларимиз сафи кун сайин кенгайиб бормоқда. 2015 йил манзилли дастур асосида вилоятимизда 199 умумтаълим мактабидаги спорт зали ҳамда 23 болалар ва ўсмирлар спорти, футбол мактаблари замонавий жиҳозлар билан таъминланмоқда. Бу эса, ўз навбатида, жойларда оммавий спорт турларини ривожлантириш, спорт мусобақалари кўламини кенгайтириш имкониятини бермоқда. Ўтган давр мобайнида вилоятимиз шаҳар ва туманларида 463 спорт мусобақаси ўтказилиб, уларга 250 мингдан ортиқ ёш жалб этилди.

Марғилон шаҳридаги Гўраввал маҳалласи ёшлари истиқлолимизнинг 24 йиллигини ўзгача қувонч билан кутиб олди. Боиси, бу ерда 1 минг 200 нафар ёшга мўлжалланган замонавий спорт мактаби қурилиб, фойдаланишга топширилди. Футбол, баскетбол ва теннис майдонлари маҳалла ёшларининг ўзлари қизиққан спорт турларини пухта ўзлаштиришига хизмат қилади.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА