ЎзА Ўзбек

08.04.2016 16:26 Болалар спорти

Вазифалар ва режалар муҳокамаси

Миллий матбуот марказида болалар спортини ривожлантириш истиқболларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири ўринбосари, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ижро этувчи директори Э.Искандаров ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида болалар спортини ривожлантириш, ёш авлодни соғлом ва баркамол инсонлар этиб тарбиялаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бераётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2002 йил 24 октябрдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги ва 2004 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари соҳа ривожида муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Ўғил-қизларда спортга қизиқишни оширишда жойларда ўтказиладиган спорт мусобақаларининг аҳамияти катта. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан таълим тизимида жорий қилинган уч босқичли узлуксиз спорт ўйинлари – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақалари ана шу мақсадга хизмат қилмоқда. Жамғарманинг минтақавий филиаллари томонидан ҳам турли мусобақалар, спорт фестиваллари мунтазам ташкил этилмоқда.

Ана шундай мусобақаларда тажриба ва маҳоратини оширган мамлакатимиз ёшлари халқаро миқёсдаги турли мусобақаларда иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олиб келмоқда.

2016 йилда жамғарма маблағлари ҳисобидан 251 болалар спорти иншооти, 18 мусиқа ва санъат мактаби фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. 2004-2015 йилларда фойдаланишга топширилган спорт иншоотлари ва умумтаълим мактаблари спорт залларини қайта жиҳозлаш бўйича манзилли дастурга киритилган 212 спорт иншооти ва 6892 умумтаълим мактабининг спорт заллари 28,3 миллиард сўмлик 93 номдаги спорт анжомлари билан жиҳозланади.

2016-2020 йилларга мўлжалланган дастур асосида вилоят марказлари ва Тошкент шаҳрида 14 янги ихтисослаштирилган олий маҳорат спорт мактаби, замонавий, зарур ускуналар билан жиҳозланган 225 болалар-ўсмирлар спорт мактаби, вилоят марказларида спортнинг 4 йўналиши бўйича 56 ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби ташкил этиш, барча даҳаларда спорт зоналарини (кўча тренажёрлари, баскетбол халқаси, футбол учун мини майдон) ўз ичига олувчи болалар майдончалари қуриш режалаштирилган.

Анжуманда журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Байрам Айтмуродов, ЎзА