Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.01.2015 16:11 Болалар спорти

Қудратли юрт фарзандлари

Жаҳон ареналарида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган ёш спортчиларимизнинг ғалабалари йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида буюк келажагимиз бунёдкори бўлган навқирон авлодни ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол этиб тарбиялашнинг муҳим омиллари – таълим, соғлиқни сақлаш, спорт соҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Болалар спортини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар баркамол авлодни тарбиялашнинг энг муҳим ва самарали омили сифатида юксак самаралар бераётгани, юртимиз спортининг келажаги, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг воситасига айланганини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди. Шаҳару қишлоқларимиз кўркига кўрк қўшиб турган муҳташам спорт иншоотлари ўғил-қизларни соғлом турмуш тарзига кенг жалб этишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маълумотларига кўра, 2014 йилда 163 объект, жумладан, 115 болалар спорти иншооти фойдаланишга топширилди. Мазкур иншоотларни спорт инвентарлари, зарур жиҳозлар, малакали мураббийлар билан таъминлаш, ўғил-қизлар ўртасида спортни оммалаштиришга доимий эътибор қаратилмоқда.

Айниқса, жойларда турли спорт мусобақалари ташкил этилаётгани ёшларни спортга қизиқтириш, уларнинг ғалабага бўлган интилишини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жамғарма томонидан ўтган йилда қатор давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда қирқдан ортиқ спорт тури бўйича мамлакат миқёсидаги кўплаб спорт мусобақалари ўтказилди. Ушбу мусобақаларга 6782 нафар ўқувчи-ёш жалб этилди. Қувонарлиси, ушбу иштирокчиларнинг 2721 нафарини қизлар ташкил этди.

Бундай эзгу саъй-ҳаракатларнинг натижаси ёш спортчиларнинг жаҳон спорт ареналарида эришаётган улкан ғалабаларида ўз ифодасини топмоқда.

2014 йили Германия, Австрия, Италия, Россия, Таиланд, Туркия, Франция, Хитой, Болгария, Қозоғистон, Латвия, Литва, Малайзия, Беларус, Люксембург, Арманистон, АҚШ, Швейцария, Бразилия, Ҳиндистон, Недерландия, Испанияда ўтказилган 56 халқаро спорт мусобақасида ўғил-қизларимиз қатор спорт турлари бўйича 126 олтин, 105 кумуш, 160 бронза, жами 391 медални қўлга киритгани бунинг тасдиғидир. Бу 2013 йилга нисбатан 38 тага кўпдир.

Бу рақамлар оддий рақамлар эмас. Улар негизида давлатимизнинг спортга қаратаётган улкан эътибори, ажратилган маблағ, яратилган шарт-шароит, мураббийлар меҳнати, спортчиларнинг мақсад сари интилиши, руҳи, характери, шижоати ва мустаҳкам иродаси мужассам экани ҳеч кимга сир эмас.

Чунки бир-бирига боғлиқ бу омиллар ғалабанинг муҳим асосидир. Агар болада ҳаракат, интилиш бўлсаю унга ўз вақтида рағбат кўрсатилмаса, иқтидори қўллаб-қувватланмаса бирон-бир натижага эришиш мушкул.

– Ёш спортчиларимизнинг халқаро миқёсдаги ғалабалари салмоғи йилдан-йилга ошиб бормоқда, ўғил-қизларимиз нуфузли мусобақаларда дунёнинг ривожланган давлатларидаги тенгдошлари билан тенгма-тенг баҳслашиб, ҳеч кимдан кам эмаслигини ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини исботламоқда, – дейди Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ижрочи директорининг ўринбосари Акмал Бобонов. – Бунинг замирида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида спортни, жумладан, болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик мужассамдир.

Бугун ёшларимизнинг таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар эгаллаши, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, ўз иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариши учун яратилган кенг имкониятлар пировардида ўғил-қизларимизнинг эришаётган натижалари халқаро миқёсда кенг эътироф этилмоқда, дунё ҳавасини уйғотмоқда.

Масалан, 2014 йилда Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтган ўсмирлар ўртасидаги II Олимпия ўйинларида 28 нафар ёш спортчимиз Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, 4 олтин, 3 кумуш ва 3 бронза медални қўлга киритгани юртимиз спорти тарихида унутилмас воқеалардан бири бўлди. Грециянинг Кавала шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган рапид ва блиц шахмат бўйича жаҳон чемпионатида ака-ука Исломбек ва Жавоҳир Синдоровларнинг манаман деган тенгдошларидан устун келиб, иккитадан олтин медалга сазовор бўлгани халқимизни чексиз қувонтирди.

Эътиборлиси, бугун юртимиз фахрига айланиб улгурган ёш спортчиларимиз мамлакатимизнинг турли шаҳару қишлоқларида вояга етган. Масалан, ўсмирлар Олимпиадаси ғолиблари – бокс бўйича Осиё ва жаҳон чемпиони Бектемир Мелиқўзиев Фарғонада, юнон-рум кураши бўйича Осиё чемпиони Илҳом Баҳромов Самарқандда, дзюдочи Суҳроб Турсунов Сурхондарёда, ўқ отиш устаси Владимир Свечников Тошкентда камолга етган.

Бу спорт юртимизнинг барча ҳудудида бирдек ривожланаётганидан, турли ҳудудларда замонавий спорт иншоотлари барпо этилиб, пойтахтникидан кам бўлмаган шароитга эга эканидан, истеъдод соҳиби борки, ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганидан далолат беради.

– Нуфузли мусобақаларда доимо халқимизнинг, Президентимизнинг ишончини, қўллаб-қувватлашини ҳис этиб турамиз, – дейди II ўсмирлар Олимпиадаси ғолиби И.Баҳромов. – Бу бизга катта куч-ғайрат бағишлайди. Мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган юксак эътиборга жавобан келажакда жаҳон ареналарида Ватанимиз обрў-эътиборини юксалтиришга ҳаракат қиламиз.

Ҳа, бугун мамлакатимизда яратилган кенг имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ўз олдига қўйган мақсадларни рўёбга чиқариш, жаҳон узра Ўзбекистондек қудратли юртнинг муносиб фарзандлари эканини исботлашга аҳд қилган, ҳар томонлама етук авлод вакиллари вояга етмоқда. Улар эришаётган ютуқлар барчамизга фахр-ифтихор бағишлайди.

Байрам Айтмуродов, ЎзА