ЎзА Ўзбек

15.02.2016 09:39 Болалар спорти

Қудратли мамлакатнинг соғлом авлоди

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида баркамол авлодни тарбиялашнинг самарали омили бўлган болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор ва ғамхўрлик юксак самаралар бераётир.

Бугун ёшларни жисмоний ва маънавий ривожлантиришга қаратилган бу тизимнинг йўлга қўйилгани ҳар томонлама тўғри бўлганини ҳаётнинг ўзи тасдиқламоқда. Шаҳару қишлоқларимизда бунёд этилган замонавий спорт мажмуаларида болалар спорт билан мунтазам шуғулланиб, саломатлигини мустаҳкамламоқда. Соғлом, кучли, мард ва қатъиятли бўлиб камолга етмоқда.

Юртимиздаги барча спорт мактабларида тиббиёт бўлимлари мавжуд бўлиб, юқори малакали шифокор ва ҳамширалар болаларнинг саломатлигини, мактабнинг санитария-гигиена ҳолатини доимий назорат қилиб боради. Болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг саломатлиги, жисмоний ва руҳий ҳолати қайд этиб борилади.

– Тиббий кўрик натижалари ўғил-қизларнинг бўйи ўсганини, вазни меъёрлашганини кўрсатди. Спорт билан мунтазам шуғулланаётган болаларнинг тетик ва ҳаракатчанлиги, касалликларга чалинмаётгани ота-оналарни хушнуд этмоқда, – дейди пойтахтимиздаги 24-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамшираси Ҳикоят Эгамбердиева. – Спорт болаларнинг нафақат жисмонан соғлом ва бақувват бўлишига ёрдам беради, балки уларнинг ҳулқи, маънавиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Президентимиз раислигида яқинда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг йиғилиши бўлди. Унда бу борада амалга оширилган улкан ишлар қайд этилди. Жумладан, қуйидаги маълумотлар келтирилди: 2005 йилда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларнинг 30 фоизи, жумладан, қишлоқ жойларда 29 фоизи спорт билан шуғулланган бўлса, 2015 йилда бу рақамлар тегишли равишда 57,2 ва 56 фоизни ташкил этмоқда.

Эътибор беринг: шаҳар ва қишлоқ болалари ўртасидаги фарқ жуда кам. Бу ниманинг самараси, ниманинг исботи?! Бу Президентимиз раҳнамолигида барча туманларда, энг чекка қишлоқларда ҳам замонавий спорт мажмуалари бунёд этилганининг самараси. Қишлоқларда шаҳардагидан кам бўлмаган шароит яратилгани, бу борада ҳам адолат таъминланаётганининг далолати.

Тошкентнинг марказида қад ростлаган спорт мактаби билан олис Қўнғиротда барпо этилган спорт мактабида яратилган шарт-шароит, имконият, спорт жиҳозлари ва мураббийлар билан таъминланишининг деярли фарқи йўқ.

Чимбойлик Ботир ака Жанабоев пойтахтга йўли тушганда тўққиз ёшли ўғлини шифокорларга кўрсатди. Улар боланинг соғлиғида муаммо йўқлигини, фақат иммунитети бироз пасайганини, ёш организмни дори-дармондан кўра, спорт билан чиниқтириш самаралироқ эканини айтибди. Отанинг кўнгли хотиржам – ўғли спорт билан шуғулланиши учун туманнинг ўзида етарлича имконият бор.

– Эсласам, тупроқ чангитиб югуришни енгил атлетика, мактаб ҳовлисида тўртта ғиштни “дарвоза” қилиб тўп тепишни футбол, ошиқ билан чиллак ўйинини жисмоний тарбия, деб юраверган эканмиз, – дейди у. – Ҳозир туманимизда замонавий спорт мажмуаси бор. У ердаги шароитларни кўриб ҳавасинг келади. Маҳалламиз болаларининг бўш вақти шу мажмуада ўтади.

Сўнгги йилларда спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларда ғалабага эришиши одатий ҳолга айланди. Бундай қувончли воқеаларнинг деярли ҳар куни бўлаётгани ўзбек спортининг жаҳон миқёсида юксак поғонага чиққанидан далолатдир. Аммо бундай натижаларга ўз-ўзидан эришилмаганини, унинг замирида тинимсиз меҳнат, ҳар жиҳатдан пухта ўйланган, кенг қамровли ва тизимли чора-тадбирлар мужассам эканига кўпинча эътибор бермаймиз.

Собиқ тузум даврида қанчадан-қанча истеъдодли спортчилар иқтидорига рағбат кўрсатилмай, улар жаҳон миқёсидаги мусобақаларда иштирок этиш тўғрисидаги истакларини юрагининг туб-тубига яшириб, “тоғу тошлар орасида номи чиқмай” қолиб кетганди.

Президентимиз раҳнамолигида истеъдод соҳиблари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, уларга шароит яратилмоқда. Бугун Ватан шаъни учун майдонга чиқиб, Ўзбекистоннинг юксак спорт салоҳиятини бутун дунёга тан олдираётган спортчиларимиз буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлишга қодир, ҳар томонлама етук ёшлар камолга етаётганини исботламоқда.

Биргина ўтган йили 1 минг 668 спортчимиз, жумладан, 567 қиз 165 халқаро мусобақада иштирок этиб, 983 медални қўлга киритгани бунинг яққол исботидир. Ёш спортчиларимиз бокс, эркин ва юнон-рум кураши, дзюдо, оғир атлетика, шахмат каби қатор спорт турлари бўйича нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этиб, юксак ғалабаларга эришмоқда.

2015 йилнинг август ойида Босния ва Герцеговинанинг Сараево шаҳрида эркин, юнон-рум ва хотин-қизлар кураши бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзолари муносиб қатнашди.

Мусобақанинг юнон-рум кураши бўйича вазни 46 килограммгача бўлган полвонлар беллашувида қатнашган Тўрабек Тиркашев шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

– Ҳар бир беллашувга чиқишдан олдин Президентимизнинг “Болаларим, маррани баланд олинг. Ғалаба бизники, келажак бизники!” деган даъватларини хаёлан такрорлайман. Бу менга куч беради, ғайратимни оширади, – дейди Тўрабек. – Ғалабам шарафига Ватанимиз байроғи баланд кўтарилиб, мадҳиямиз янграганида Президентимизнинг биз, ёшларга билдирган юксак ишончини, оз бўлса-да, оқлаганимдан кўнглим фахр-ифтихорга тўлади. Мақсадим, бундан кейин ҳам жаҳон ареналарида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш, Олимпия ўйинларида ғалаба қозонишдир.

Эркин ва обод, тинч ва осойишта юртда вояга етаётган ўғил-қизлар ўз ҳаётини Ватани равнақи, эл-юрт тақдирига дахлдор, деб билади. Бу йўлда билим ва салоҳиятини, истеъдоду иқтидорини аямайди. Бундай авлодни ҳеч ким енга олмайди, унинг қадди ҳам, қадри ҳам доимо баланд бўлади. Президентимиз таъкидлаганидек, ана шундай ёшларга эга бўлган, ўз олдига юксак ва улуғ мақсадлар қўйиб яшаётган халқни ўз йўлидан асло тўхтатиб бўлмайди, у ўз мақсад-муддаоларига албатта эришади.

Байрам Айтмуродов, ЎзА