ЎзА Ўзбек

12.03.2015 12:44 Болалар спорти

Учқудуқда усти ёпиқ стадион

Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида усти ёпиқ мини-футбол майдони фойдаланишга топширилди.

Майдоннинг очилишига бағишланган маросимда мамлакатимизда аҳолининг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замонавий ва қулай шарт-шароит яратиш, янги спорт иншоотлари қуриш ва мавжудларини таъмирлаш, болалар спортини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди.

Стадион йилнинг исталган фаслида нафақат мини-футбол, балки қўл тўпи, кураш, стол тенниси, волейбол каби спорт турлари билан ҳам шуғулланиш учун кенг имконият яратади.

– Шу пайтга қадар ёғин-сочинли кунларда футбол ўйнаш учун имконият йўқ эди, – дейди учқудуқлик ўспирин Сирожиддин Нормуродов. – Энди уйимизга яқин ушбу стадионда тўп сурамиз. Муҳими, вақт ва маблағимиз тежалади. Спорт билан мунтазам шуғулланишимиз учун давлатимиз томонидан яратиб берилаётган бундай замонавий шароитлар биз, ёшларга куч-ғайрат, шижоат бағишлаб, ғамхўрликка муносиб бўлиш туйғусини кучайтираётир.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА