ЎзА Ўзбек

21.04.2015 15:58 Болалар спорти

Таниқли спортчилар сабоқлари

5C.jpg
“SOS – Ўзбекистон болалар маҳаллалари” уюшмаси Тошкент шаҳар филиали ва 21-Меҳрибонлик уйида халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришган спортчилар иштирокида спортнинг шахмат, каратэ ва бадиий гимнастика турлари бўйича маҳорат сабоқлари ўтказилди.

Тошкент шаҳар маданият ва спорт ишлари бош бошқармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати шаҳар кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда ўғил-қизлар нуфузли халқаро турнирлар, Осиё ўйинлари ғолиб ва совриндорлари – Нафиса Мўминова, Ҳилола Бадалова ва Жамила Раҳматова билан биргаликда машғулотларда иштирок этди.

– Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болаларни жисмонан бақувват, руҳан тетик ва соғлом қилиб тарбиялашда спортнинг ўрни беқиёс, – дейди халқаро гроссмейстер Нафиса Мўминова. – Бу каби тадбирлар болаларнинг спортга бўлган меҳрини ошириб, келгусида юксак марралар сари руҳлантиришга хизмат қилади.

Маҳорат сабоқларида фаол қатнашган иштирокчиларга эсдалик совғалари топширилди.

Жавоҳир Тошхўжаев, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА