ЎзА Ўзбек

29.06.2016 12:39

Спорт тўгарагига шошаётган болалар

Пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактабига бораётганимизда онаси билан келаётган, елкасига бежирим спорт сумкаси осиб олган қизалоқ эътиборимизни тортди.

– Ойижон, тезроқ юрайлик, машғулотларга кеч қолмайлик, бугун устозимиз янги элементларни ўргатадилар, – деб онасини шоширди у.

Машғулотларни кузатдик. Болалар машқларни қунт ва иштиёқ билан бажармоқда. Ота-оналар фарзандларининг эпчил ҳаракатлари, соғлом бўлиб улғаяётганидан мамнун бўлиб, уларга ҳавас билан қараб турибди. Бояги қизнинг онасини суҳбатга тортдик.

– Қизим Муслимани уч йилдан бери бадиий гимнастика тўгарагига олиб келаман, – дейди Нигора Юнусова. – Тўгарак бўладиган куни ҳоли-жонимга қўймайди, машғулотга шошади. Қизим олтига кирди. Бўйи-басти ёшига нисбатан баланд, қадди-қомати тўғри ривожланмоқда. Буларни кўриб, Президентимизнинг қизларни спортга жалб этиш зарурлиги ҳақидаги гаплари тагида чуқур маъно борлигини тушуниб етдим.

Ўғил-қизлар 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактабига доим катта иштиёқ ва қизиқиш билан интилади. Бу ердаги футбол, бадиий гимнастика, бокс, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, академик эшкак эшиш, белбоғли кураш, волейбол, енгил атлетика, оғир атлетика, қўл тўпи, турон яккакураши, камондан ўқ отиш секцияларида 600 дан зиёд бола мунтазам шуғулланмоқда.

Мактаб замонавий спорт иншоотлари – очиқ футбол майдони, теннис кортлари, катта спорт зали, тиббиёт, ювиниш ва кийим алмаштириш хоналари, маъмурий бинони ўз ичига олган.

Спорт тўгараклари фаолияти қатъий жадвал асосида ташкил этилган. Ҳар бир гуруҳ мураббийи ҳафтасига уч марта машғулот ўтказади. Машғулотлар жараёнида болалар саломатлиги тиббиёт ходимлари томонидан доимий назорат қилиб борилади.

– Фарзандининг соғлом бўлиб улғайиши ҳар бир ота-онанинг мақсади, – дейди бадиий гимнастика бўйича мураббия Маъмура Мансурова. – Бу жараёнда болаларни ёшлигидан спортга ошно этиб тарбиялаш муҳим аҳамиятга эга. Болаларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, уларда учрайдиган айрим нуқсон ва камчиликларни бартараф этишда спорт энг яхши воситадир. Мисол учун, болаларда учрайдиган сколиоз – умуртқа поғонаси қийшайиши хасталигининг олдини олиш ва даволашда спортнинг, айниқса, бадиий гимнастика ва сузишнинг ўрни беқиёс экани мутахассислар томонидан исботланган.

Мактабда тарбияланаётган ўғил-қизлар жисмонан соғлом, руҳан тетик, ҳаракатчан ва фаол бўлиб ўсмоқда. Айниқса, қизларнинг ўзи севган спорт машғулотларини иштиёқ билан бажараётгани кишининг ҳавасини келтиради. Мазкур мактабда ташкил этилган бадиий гимнастика, енгил атлетика ва камондан ўқ отиш тўгаракларига 200 дан зиёд қиз қатнамоқда.

Мураббийлар шогирдларининг турли спорт мусобақаларида қатнашишига алоҳида эътибор қаратади. Спорт мактаби тарбияланувчилари мактаб ўқувчилари ўртасидаги "Умид ниҳоллари", "Отам, онам ва мен – спортчилар оиласи" каби мусобақаларда юқори ўринларни қўлга киритаётир. Мактабнинг байдарка ва каноэда эшкак эшиш, турон яккакураши, белбоғли кураш секцияларига қатнаётган болалар туман, шаҳар ва мамлакат миқёсидаги мусобақаларда шоҳсупанинг энг юқори поғоналаридан жой эгаллаб келмоқда.

Нигора опа қизининг машқларни чаққон ва дадил бажаришини, тенгдошлари билан мусиқага мос харакатлар қилаётгани, энг асосийси, унинг соғлом бўлиб вояга етаётганидан қувонади. Машғулотлар тугагач, Муслима ўз таассуротларини онасига айтишга шошилади:

– Ойижон, бугун мен бир оёқда туриб уч марта айланишни ўргандим, – дейди фахрланиб.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА