ЎзА Ўзбек

09.11.2015 17:52 Болалар спорти

Спорт, соғлом авлод, соғлом келажак

Мамлакатимизда спорт таълим тизимининг узвий қисми, фарзандлар тарбиясининг муҳим воситаларидан бирига айланди. Соғлом турмуш тарзи кундалик ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин олаётгани натижасида ёш авлод ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етмоқда.

Ўн саккиз ёшли Юнус Солмонбетов Чилонзор туманидаги 43-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида Жанна Зиганшина раҳбарлигида камондан ўқ отиш тўгарагида ўз маҳоратини ошириб келмоқда. У 2013-2014 йилларда Ўзбекистон чемпиони бўлган ва Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзосига айланган.

– Ушбу спорт тури ақлни чархлаши, сабрни мустаҳкам қилиши билан ёқади, – дейди Юнус. – Мактабимизда спорт билан шуғулланишимиз учун барча шароит муҳайё. Бундай кенг имкониятлар бизни доимо ўз маҳоратимизни тинимсиз ошириб боришга ундайди. Келгусида бу эзгу ишларга жавобан Ватанимиз шаънини ҳимоя қилишга қодир спортчи бўлиб вояга етиш олий мақсадимиздир.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолияти ўғил-қизларимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштиришда беқиёс аҳамият касб этаётир.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 2015 йилда болалар спорти обьектларини қуриш ва реконструкция қилиш, спорт инвентарлари билан таъминлаш юзасидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жамғарманинг Тошкент шаҳар филиали томонидан болалар спорти иншоотларини спорт анжомлари ва жиҳозлари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тошкент шаҳрида жами 2287 спорт иншооти мавжуд. 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган 300 мингдан зиёд ўғил-қизнинг 180 мингдан ортиғи спорт билан шуғулланса, шундан 76 мингтаси мунтазам машғулотларга қатнайди.

43-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида яккакураш, бадиий гимнастика спортига мўлжалланган зал, ювиниш, кийим алмаштириш хоналари тубдан таъмирланиб, спорт жиҳозлари ва анжомлари, тренажёрлар ўрнатилган.

Ушбу масканда тажрибали мураббийлар 503 ўғил-қизга спортнинг бадиий гимнастика, стол тенниси, камондан ўқ отиш, енгил атлетика, баскетбол, футбол, таэквондо (WTF) каби турлари бўйича маҳорат сирларини ўргатмоқда.

– Ҳар бир ота-она фарзандларининг соғлом бўлиб улғайишини орзу қилади, – дейди камондан ўқ отиш бўйича мураббия Жанна Зиганшина. – Бу жараёнда болаларни ёшлигидан спортга ошно этиб тарбиялаш муҳим. Ўғил-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларда учрайдиган айрим нуқсонларни бартараф этишда спорт энг яхши воситадир.

Мактабда шанба ва якшанба кунлари спорт билан шуғулланувчи болалар сафини кенгайтириш мақсадида очиқ эшиклар куни ўтказилади. Унда Чилонзор туманида яшовчи болалар спорт тўгараклари билан яқиндан таништирилади.

– “Умид ниҳоллари – 2015” спорт ўйинларининг Тошкент шаҳар финал босқичида туманимиз жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди, – дейди 43-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Асқар Абдураимов. – Мусобақаларда мактабимиздан йигирмадан зиёд ёш бадиий гимнастика, стол тенниси, таэквондо (WTF), футбол мусобақаларида муносиб иштирок этгани тарбияланувчиларимизнинг салоҳияти юқорилигидан далолатдир.

Ёш авлодни соғлом ва баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этишда спорт иншоотларида яратилаётган шароитлар билан бирга, турли мусобақалар муҳим ўрин тутади. Айниқса, юртимизда мунтазам тарзда ташкил этилаётган уч босқичли “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод”, Универсиада спорт мусобақалари навқирон авлоднинг жисмонан соғлом, маънан етук бўлиб вояга етишига хизмат қилмоқда. Барча ҳудудларда қад ростлаган замонавий спорт мажмуалари, муҳташам стадионлар, гимнастика марказлари, кортлар доимо ўғил-қизлар билан гавжум.

Жорий йилнинг ўтган даврида Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Тошкент шаҳар филиали томонидан турли ташкилотлар билан ҳамкорликда олти юзга яқин спорт мусобақаси, тарғибот ишлари ташкил этилиб, ушбу тадбирларда минглаб ўғил-қизлар иштирок этди.

Амалга оширилган бундай изчил ишлар туфайли спорт билан шуғулланаётган ёшлар сафи тобора кенгайиб, улар эришаётган ютуқлар салмоғи муттасил ортмоқда.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА