ЎзА Ўзбек

20.08.2014 16:47 Болалар спорти

Спорт маликалари мусобақаси

Термиз шаҳрида “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори остида қизлар ўртасида спортнинг бадиий гимнастика тури бўйича мамлакат биринчилиги баҳслари бўлиб ўтди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Президентимиз ташаббуси ва раҳнамолигида спорт, хусусан, хотин-қизлар ва болалар спортини ривожлантириш, уларни спортга кенг жалб этиш, саломатлигини мустаҳкамлаш юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Мамлакатимизда спортнинг бошқа турлари қатори бадиий гимнастика ҳам кенг ривожланмоқда. Олис қишлоқлардаги болалар спорти иншоотлари, умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларида ҳам бадиий гимнастика тўгараклари ташкил этилаётир. Бадиий гимнастика билан мунтазам шуғулланиш қизларнинг қадди-қоматини тўғри шакллантириш, саломатлигини асраш билан бирга, уларда ирода ва ўзига ишонч туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Қизиқарли ўтган баҳсларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган 14-15 ёшли қизлар ўз маҳоратини намойиш этди. Умумжамоа ҳисобида Тошкент шаҳри спортчилари биринчи, самарқандликлар иккинчи ва Бухоро вилояти бадиий гимнастикачилари учинчи ўринни эгаллади.

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Жўраев сўзга чиқди.


ЎзА, Х.Маматрайимов