ЎзА Ўзбек

24.07.2014 15:52 Болалар спорти

Спорт маликалари беллашди

Спорт маликалари беллашди Термиз шаҳрида мустақиллигимизнинг 23 йиллигига бағишлаб бадиий гимнастика бўйича Сурхондарё вилояти биринчилиги ўтказилди.

Президентимиз раҳнамолигида болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор бадиий гимнастикани ҳам спортнинг оммавий турига айлантиришда муҳим аҳамият касб этаётир. Хусусан, 2003 йил вилоятда атиги 94 нафар қиз бадиий гимнастика билан шуғулланган бўлса, жорий йилда уларнинг сафи тўрт мингга яқинлашиб қолди.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, Бадиий гимнастика федерацияси вилоят бўлими, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиали ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада 6-10 ёшли олтмишдан ортиқ қизлар ўз маҳоратини намойиш этди.

Умумжамоа ҳисобида Термиз шаҳри биринчи, жарқўрғонликлар иккинчи, Денов тумани вакиллари учинчи ўринни қўлга киритди. “Энг нафосатли спортчи”, “Энг жозибали спортчи”, “Энг ёш иштирокчи”, “Ғалабага интилувчи иштирокчи”, “Энг латофатли иштирокчи” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.

ЎзА, Х.Маматрайимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат)