ЎзА Ўзбек

12.01.2016 13:12 Болалар спорти

Спорт мактабининг янги стадиони

Наманган вилояти Наманган тумани марказий стадиони кенг кўламли таъмирлаш ишларидан кейин замонавий қиёфа касб этди.

Стадионнинг очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчилар, меҳнат фахрийлари, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Президентимиз раҳнамолигида ёш авлод камолотига қаратилаётган доимий эътибор уларнинг замонавий таълим-тарбия олиши, спорт билан шуғулланиши, истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши, орзу-интилишларини рўёбга чиқаришида юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди.

– Болалар спортини ривожлантириш, спорт иншоотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар навқирон авлоднинг спортга қизиқиши тобора ортиб боришида муҳим омил бўлмоқда, – дейди Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Наманган тумани вакили Нарзулло Раҳимов. – Жамғарма ташкил этилганидан буён туманда 14 замонавий болалар спорти иншооти барпо этилди. Уларда 5 мингдан зиёд ўғил-қиз ўзлари қизиққан спорт тури билан мунтазам шуғулланмоқда.

Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 1 миллиард 360 миллион сўмдан зиёд маблағ эвазига таъмирланган стадион тумандаги 9-болалар ва ўсмирлар спорт мактабига берилди. Стадионда футбол, волейбол, баскетбол, узунликка сакраш каби спортнинг ўн саккиз тури билан шуғулланиш имконияти мавжуд. Ювиниш, кийиниш, тиббий хизмат кўрсатиш хоналари, мураббийлар учун ўқув-услубий синф хонаси барча жиҳозлар билан таъминланган.

Акрамжон Сатторов, ЎзА