ЎзА Ўзбек

05.01.2016 15:03

Спорт ишонч ва қатъиятни тарбиялайди

Ҳар гал истеъдодли ёшларимизнинг халқаро спорт мусобақаларида эришган ғалабалари шарафига мадҳиямиз янграб, байроғимиз баланд кўтарилганда беихтиёр тўлқинланиб кетамиз, қалбимиз фахр-ифтихорга тўлади. Бундай лаҳзаларнинг аҳамиятини, очиғи, ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Ватанимиз шон-шуҳратини дунёга ёйишга хизмат қилаётган ушбу муваффақиятлар замирида Президентимиз раҳнамолигида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор мужассам.

Шоҳимардон – Фарғона туманининг чекка ҳудудларидан. Қўшни давлат билан чегарадош мазкур қишлоқ мустақиллик йилларида янада чирой очди. Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 2004 йилда бунёд этилган замонавий спорт мажмуаси ёшлар билан доимо гавжум. Бу ерда кураш, бокс, волейбол, футбол, енгил атлетика, бадиий гимнастика каби спорт турлари билан мунтазам шуғулланиш учун барча шароит яратилган.

– Олти ёшли неварамни кураш тўгарагига бердим, – дейди 84 ёшли Олимжон ота Нозимов. – Спорт масканида яратилган шароитлар билан танишиб, рости, кексайиб қолганимдан ўксигандай бўлдим.

Дарҳақиқат, бугун нафақат шаҳар ва туманлар марказида, балки чекка ва тоғли қишлоқларда қад ростлаган замонавий спорт иншоотлари кўзни қувонтиради. Бу ерда болалар ўзларига маъқул спорт турлари билан мунтазам шуғулланиб, саломатлигини мустаҳкамламоқда. Соғлом, кучли, мард ва қатъиятли бўлиб камолга етмоқда. Иродаси тобланиб, турмуш тарзи, дунёқараши ўзгараётир.

2003-2015 йилларда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан вилоятда бунёд этилган 188 иншоотнинг 160 таси спорт масканларидир. Уларнинг замонавий жиҳозлар ва малакали мураббийлар билан таъминлангани ёш спортчиларимизнинг мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда юксак натижаларни қўлга киритишида муҳим омил бўлмоқда.

– Спорт маънавий ва жисмоний баркамолликнинг муҳим мезонидир, – дейди Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Фарғона вилояти филиали директори Ғ.Мамажонов. – 2015 йилда вилоятда 23 спорт иншооти барпо этилди. 2003-2015 йилларда спорт иншоотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга 9 миллиард 250 миллион сўм маблағ сарфланди.

Президентимизнинг 2010 йил 5 майдаги “Болалар спорти объектларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори болалар спортини янада ривожлантириш, ўғил-қизларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этишда муҳим аҳамият касб этаётир. Айни пайтда вилоятда 18 ёшгача бўлган 668 мингдан зиёд ўқувчининг 410 мингдан ортиғи спорт билан мунтазам шуғулланмоқда.

Ота-оналар фарзанди спорт билан шуғулланишни бошлагач, ҳеч қанча вақт ўтмай ўқиши, юриш-туриши, дунёқарашида ижобий ўзгаришлар кузатилганини айтади. Бу спортнинг фарзанд тарбиясида нақадар муҳим ўрин тутишидан далолат. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, спорт нафақат жисмоний, балки маънавий камолотга эришишда ҳам муҳим омилдир. У иродани тоблайди, аниқ мақсад сари интилиш, қийинчиликларни бардош ва чидам билан енгишга ўргатади. Инсон қалбида ғалабага ишонч, ғурур ва ифтихор туйғуларини тарбиялайди.

Мустақилликнинг илк йилларидан Фарғона вилоятида спортнинг бокс, белбоғли кураш, теннис, футбол каби турларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. “Фарғона белбоғли кураш мактаби”, “Рапқон бокс мактаби” каби таърифларнинг пайдо бўлиши бежиз эмас. Айни пайтда спортнинг бошқа турларига ҳам ёшларда қизиқиш ортиб бормоқда. Хусусан, “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт мусобақаларининг ташкил этилгани маҳоратли спортчилар камолга етишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўтган йили “Умид ниҳоллари” мусобақасида биринчи ўринни эгаллаган Фарғона шаҳри жамоасига Президентимиз совғаси – “Damas” автомобили топширилди. 800 дан ортиқ оммавий спорт мусобақалари ташкил этилиб, уларга барча ёшлар қамраб олинди.

Фарғоналик ёшлар қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Осиё ва Олимпия ўйинларида мунтазам ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олиб келмоқда. Бокс бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё ва жаҳон чемпиони, II ўсмирлар Олимпиадаси ғолиби, катталар ўртасида Осиё чемпиони, жаҳон чемпионати совриндори Бектемир Мелиқўзиев ана шундай ёшлардан. У 2015 йилда “Осиёнинг энг яхши боксчиси”, дея эътироф этилди. Бокс бўйича Осиё ўйинлари ғолиби Элшод Расулов, ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Ойбек Шарипов, Баҳодир Мамажонов, каноэда эшкак эшиш бўйича Элёр Мамадалиев, шахмат бўйича халқаро гроссмейстер Нафиса Мўминова ва бошқа кўплаб ёшларимизни бугун узоқ хорижда ҳам яхши билишади. Сарвиноз Саидхўжаева, Ҳулкар Тоҳиржонова, Камола Раҳмонова, Динара Маматибрагимова каби спортчи қизлар ҳам нуфузли халқаро мусобақаларда совринли ўринларни эгаллади.

Қизларимиз учун спорт нафақат жисмоний чиниқиш, соғлом турмуш омили, балки лобарлик ва гўзаллик асоси бўлиб ҳам хизмат қилмоқда. Айни пайтда вилоятда 196 мингдан зиёд қиз турли спорт турлари билан мунтазам шуғулланаётир. Бадиий гимнастика тўгаракларига аъзо бўлган қизлар сони 5 мингдан ошди.

Буларнинг барчаси фарзандларимизни спортга ошно этиш, шу орқали улар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, камолот пиллапояларидан дадил одимлашига кўмаклашиш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар самарасидир.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА