ЎзА Ўзбек

06.01.2016 17:44 Болалар спорти

Соғлом турмуш ва маънавий камолот

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан Жиззах вилоятида 2003-2015 йилларда 121 спорт иншооти бунёд этилди.

– Президентимиз раҳнамолигида болалар спорти иншоотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш кўлами ҳам, бу эзгу ишда қатнашаётган ҳомийлар ҳиссаси ҳам ортиб бораётир, – дейди Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Жиззах вилояти филиали директори Ўктам Маматқулов. – 2015 йилда жамғарманинг вилоят филиали ҳисоб-рақамида ҳомийлар томонидан 2,1 миллиард сўм маблағ жамғарилгани фикримиз тасдиғидир. Бу маблағ ёш спортчиларнинг хорижга чиқиши, махсус мактаб-интернатлар ўқувчилари ўртасида спорт мусобақалари ўтказиш, спортчиларни рағбатлантириш ва маҳаллаларда спорт майдончалари қуришга йўналтирилмоқда.

Спорт иншоотлари қуриш ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш болаларни оммавий спортга жалб этиш имкониятини янада кенгайтирмоқда. Вилоятдаги умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда таълим олаётган 259 мингдан зиёд ўқувчининг 85 фоиздан ортиғи спорт билан мунтазам шуғулланаётир.

Оммавий спортни ривожлантиришда ўқувчилар, айниқса, қизлар учун яратилаётган шароитлар, аёл мураббияларни кўпайтиришга қаратилаётган эътибор яхши самара бермоқда. Таълим муассасалари ва болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳамкорлигида ўтказилаётган турли мусобақалар ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва спортнинг оммавийлигини оширишда муҳим омил бўлаётир. Бунда қишлоқ ҳудудларига алоҳида эътибор қаратилаётир. 2015 йилда ўқувчилар ўртасида ташкил этилган 342 мусобақанинг 292 таси қишлоқ ҳудудларида ўтказилгани фикримиз далилидир.

– Мамлакатимизда болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор қишлоқларда ҳам шаҳардагидан қолишмайдиган спорт иншоотлари барпо этиш имконини бераётир, – дейди Дўстлик тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийи, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Абдумутал Ҳусанов. – Жамғарма томонидан мактабимизнинг янги биноси қуриб битказилмоқда. Замонавий футбол стадиони, ёпиқ сув ҳавзаси, гимнастика, спорт заллари ва бошқа иншоотлардан иборат янги мажмуа туманда болалар спортини янги босқичга кўтариши шубҳасиздир.

Спорт билан шуғулланиш учун яратилаётган шароит ва имкониятлар ёшларнинг соғлом вояга етишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Мактаб ёшидаги болаларда соғлик гуруҳи бўйича ўтказилган тиббий кўрик натижаларига кўра, 2015 йилда ўткир вирусли инфекциялар билан касалланиш 10-15 ёшли ўсмирлар ўртасида 2004 йилга нисбатан 28 фоизга, пневмония 26 фоизга, бронхит 37,6 фоизга, сколиоз 22,6 фоизга камайган. Мутлақ соғлом болалар 11,4 фоизга кўпайган.

Буларнинг барчаси Президентимиз раҳнамолигида спорт, хусусан, болалар спортини ривожлантириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар самарасидир.

Тошқул Бекназаров, ЎзА