ЎзА Ўзбек

08.10.2015 13:00 Болалар спорти

Соғлом бола – юрт келажаги

Ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказишда спортнинг ўрни беқиёс. Шу боис мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида ёшлар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, уларнинг спорт билан шуғулланиши учун кенг имконият ва шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бунда, айниқса, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг ташкил этилгани муҳим аҳамият касб этаётир. Жамғарма маблағлари ҳисобидан ҳар йили кўплаб замонавий ва муҳташам спорт иншоотлари қад ростламоқда, болалар ва ўсмирлар ўртасида турли мусобақалар ўтказилмоқда.

Жамғарманинг Навоий вилояти филиали ҳам спортнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, спорт иншоотлари қуриш ва улардан самарали фойдаланиш, ўқувчи-ёшлар ўртасида мусобақалар ташкил этиш юзасидан аниқ дастурлар асосида иш олиб бормоқда. Маълумотларга кўра, 2003-2014 йилларда жамғарманинг 49,7 миллиард сўмлик маблағи ҳисобидан вилоятда юзга яқин болалар спорт иншооти қурилган.

Жорий йилда вилоятда олтита болалар спорт иншооти қурилиши режалаштирилган бўлиб, айни пайтда ишлар якунига етказилмоқда. Жумладан, Учқудуқ туманида 5-ТИП болалар спорт мажмуаси, Қизилтепа туманидаги 28-умумтаълим мактаби, Кармана туманидаги 19-умумтаълим мактаби, Конимех туманидаги 10-умумтаълим мактаби ва Хатирчи туманидаги 34-умумтаълим мактабида спорт заллари ҳамда Навбаҳор туманидаги ёпиқ сузиш ҳавзаси болаларнинг спорт билан шуғулланиш имкониятларини янада кенгайтиради.

Бугунги кунда вилоятдаги 2 минг 493 спорт секциясида 58 мингдан зиёд ўғил-қиз ўзлари қизиққан спорт тури билан шуғулланмоқда. Уларнинг 26 мингга яқини қизлар экани эътиборга сазовор. Шунингдек, 16 болалар ва ўсмирлар спорт мактабида қарийб 13 минг 100 нафар ўғил-қиз спортнинг 25 тури билан мунтазам шуғулланаётир. Ушбу мактабларда ёш спортчиларни тайёрлаш ва тарбиялаш учун барча шароит яратилган. Малакали мутахассислар мураббийлигида бўлажак спортчилар билан ишлашнинг ўзига хос услублари қўлланилаётир. Хусусан, Навоий шаҳридаги 5-болалар ва ўсмирлар олимпия захиралари спорт мактаби 2011 йилда ташкил этилган бўлиб, қисқа вақт ичида салмоқли ютуқларга эришди.

– Асосий вазифамиз болаларни спортга янада кенг жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдан иборат, – дейди мактаб директори Тўймурод Адизов. – Айни пайтда мактабимизда 900 нафардан зиёд бола курашнинг 6 тури бўйича шуғулланмоқда. Улар мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда муваффақиятли иштирок этмоқда. Хусусан, жорий йилда Ҳасан ва Ҳусан Раҳимовлар ўсмирлар ўртасида эркин кураш бўйича 100 ҳамда 85 килограмм вазн тоифасида Босния ва Герцеговина давлатида ўтказилган жаҳон чемпионатида мамлакатимиз терма жамоаси ҳисобига кумуш медалларни қўшиб қўйди. АҚШда катталар ўртасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида иштирок этган эркин курашчимиз Ихтиёр Наврўзов 65 килограмм вазнда кумуш медалга сазовор бўлиб, 2016 йилда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди.

Болалар спортини ривожлантириш борасидаги бу каби саъй-ҳаракатлар фарзандларимизнинг жисмонан ва маънан соғлом бўлиб камолга етишига хизмат қилиши баробарида, истеъдодли спортчиларни кашф этиш ҳамда уларнинг халқаро майдонларга чиқишига йўл очиши шубҳасиз.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА