ЎзА Ўзбек

10.02.2015 18:59 Болалар спорти

Соғлом авлод – келажагимиз

Соғлом авлод – келажагимиз

Қорақалпоғистон Республикасида Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2003-2014 йилларда 150 га яқин замонавий болалар спорти иншооти қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Президентимиз раҳнамолигида навқирон авлодни спортга кенг жалб этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ёшларнинг соғлом ва бақувват бўлиб улғайишига хизмат қилмоқда. Бугунги кунда энг чекка овулларда ҳам ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун муҳташам спорт мажмуалари, стадионлар, спорт заллари барпо этилиб, замонавий жиҳозланмоқда.

Шуманай тумани ёшлари яратилаётган бундай шароитлардан самарали фойдаланаётир. Хусусан, замонавий болалар ва ўсмирлар спорт мактаби барпо этилиб, малакали мураббийлар, зарур жиҳозлар билан тўлиқ таъминлангани туман ёшларининг турли мусобақаларда муваффақиятли иштирок этишига замин яратди. Мактабда 172 миллион сўмликдан зиёд таъмирлаш ишлари амалга оширилгани тарбияланувчилар учун имкониятларни янада кенгайтирди.

– Давлатимиз раҳбари томонидан болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор бизга катта масъулият юклаш билан бирга, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги кенг кўламли ишларимизнинг янада самарали бўлишига хизмат қилмоқда, – дейди спорт мактаби директори Мамбет Тўремуратов. – Бугунги кунда мактабимизда 574 ўқувчи, шундан 184 нафар қизлар бадиий гимнастика, миллий кураш, теннис, енгил атлетика, таэквондо, футбол, баскетбол билан мунтазам шуғулланмоқда. Ўн уч нафар малакали мураббий уларга спорт сирларини ўргатмоқда.

Мактаб тарбияланувчилари орасида иқтидорли, Қорақалпоғистон Республикаси ва мамлакатимиз миқёсидаги мусобақаларда муваффақиятли иштирок этаётган ёшлар кўп. Спортнинг теннис тури бўйича Гўзал Сейдуллаева, Ўрозбек Умрзоқов, Абулқосим Қўчқоров, стол тенниси бўйича Наргиза Бекмуратова, Саламат Таубемуратов, бадиий гимнастика бўйича Балхия Амирова, Хурлиман Сейтназарова, Сайёра Тангрибергенова кабилар шулар жумласидандир.

Спортнинг таэквондо тури бўйича 2014 йил ноябрь ойида ўтказилган Қорақалпоғистон Республикаси биринчилигида Саламат Шерманов иккинчи, Меҳрибон Муратова учинчи ўринни қўлга киритди.

Фарзандларимизнинг жисмонан ва маънан соғлом бўлиб вояга етиши нафақат ҳар бир оила, балки мамлакат, жамият истиқболига бевосита дахлдор масала. Зеро, спорт билан шуғулланган болада ўзига ишонч ортади, маънавий юксалади.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА