ЎзА Ўзбек

08.07.2014 15:15 Болалар спорти

Сифат – бош мезон

Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш, ёш авлоднинг жисмонан соғлом, маънан баркамол вояга етиши учун барча шароитларни яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қорақалпоғистон Республикасининг энг чекка овулларида ҳам янги спорт мажмуалари, стадионлар, спорт заллари қад ростлаб, замонавий жиҳозлар билан таъминланмоқда.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағи ҳисобидан 2003-2013 йилларда ҳудудда 114 болалар спорти иншооти, 12 болалар мусиқа ва санъат мактаби қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Бу борада Тўрткўлда ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Тумандаги мавжуд спорт мажмуаларида 10 мингга яқин ёшлар, жумладан, 3 минг 900 дан зиёд қизлар волейбол, теннис, футбол, кураш, дзюдо, бокс, бадиий гимнастика, енгил атлетика ва шахмат-шашка билан мунтазам шуғулланмоқда.

Ёшлар билан 174 нафар малакали ўқитувчи-мураббий машғулотлар олиб бормоқда. Шулардан 40 нафарга яқини хотин-қизлардир. Умумтаълим мактабларидаги спорт заллари 32 турдаги спорт анжомлари билан таъминланган.

Туман ёшлари мамлакат ва Қорақалпоғистон Республикаси миқёсида кураш, бокс, каратэ, таэквандо бўйича ўтказилаётган турнирларда совринли ўринларни қўлга киритмоқда. “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида Қорақалпоғистонда ўтказилган кураш мусобақасида Оғабек Рўзимов 65 килограмм вазн тоифасида биринчи, Аҳмад Оллаберганов 60 килограмм вазнда иккинчи ўринни эгаллади. Ерлан Сейтмамбетов бокс бўйича ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.

Туманда қизларни спортга жалб этиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, бадиий гимнастика билан 2009 йилда 40 нафар қиз шуғулланган бўлса, жорий йилда уларнинг сони 600 дан ошди.

ЎзА, А.Ортиқбоев