ЎзА Ўзбек

08.07.2014 14:11 Болалар спорти

Шўрчида янги спорт мажмуаси

Шўрчи туманида янги спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди.

Туман ҳокими Х.Маматқулов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида хотин-қизларнинг жамиятдаги роли ва мавқеини мустаҳкамлаш, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш, жисмонан соғлом, маънавий етук авлодни тарбиялаш борасида кўрсатилаётган ғамхўрлик юксак самара бераётганини таъкидлади.

“Диамонд” корхонаси раҳбари Сайёра Абрайқулова ташаббуси билан бунёд этилган мазкур спорт мажмуасига 150 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида Республика Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ташкил этилган “2014 йилнинг энг яхши лойиҳаси” танловининг мамлакат босқичида иккинчи ўринни эгаллаган бу тадбиркор аёлнинг мазкур лойиҳасини амалга ошириш учун 60 миллион сўмлик имтиёзли кредит ажратилди.

– Бу ерда маҳалламиз хотин-қизлари енгил атлетика, баскетбол, волейбол, минифутбол билан шуғулланиши ва турли мусобақалар ўтказиши учун барча қулайлик яратилди, – дейди С.Абрайқулова. – Тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаб, ўз бизнесимизни ривожлантиришга кўрсатаётган эътибори учун Юртбошимиздан чексиз миннатдормиз.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди.

ЎзА, Х.Маматрайимов