Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.07.2015 13:20 Болалар спорти

Саломатлик ва баркамоллик асоси

Пойтахтимизда 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган юз мингга яқин бола спорт билан мунтазам шуғулланмоқда, уларнинг 42 мингдан зиёди қизлардир.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни вояга етказишдек эзгу мақсадини рўёбга чиқаришда муҳим омил бўлаётир. Бу жараёнда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолияти ўғил-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштиришда беқиёс аҳамият касб этмоқда.

Жамғарманинг Тошкент шаҳар филиали томонидан таълим масканларида ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида спорт билан мунтазам равишда шуғулланиши учун барча зарур шарт-шароитни яратиш ҳамда уларни спорт мусобақаларига жалб қилиш мақсадида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилда жамғарма филиали томонидан пойтахтимиздаги тўртта иншоотда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, Яккасарой туманидаги 89- ва Мирзо Улуғбек туманидаги 71-умумтаълим мактабларида янги спорт заллари, Чилонзор туманидаги Таэквондо (WTF) ассоциациясига янги спорт зали ва маъмурий бино қурилиши, Юнусобод туманидаги 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактабини капитал реконструкция қилиш белгиланган.

Ўтган давр мобайнида жамғарма томонидан шаҳардаги умумтаълим мактабларига гимнастика гиламлари тарқатилди. Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари стол тенниси жиҳозлари билан таъминланди. Биргина Миробод туманидаги ўн олтита умумтаълим мактаби, 44-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ва 14-ихтисослаштирилган олимпия захиралари спорт мактаби зарур спорт анжомлари билан тўлиқ таъминланди.

Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси томонидан барча умумтаълим мактабларида мавжуд спорт секцияларидан ташқари қўшимча 1-4- синф ўқувчилари учун шахмат-шашка, 5-9-синф ўқувчилари учун стол тенниси ва бадминтон тўгараклари ташкил қилинди. Бундай кенг имкониятлар самарасида спорт билан шуғулланаётган ўқувчилар сафи тобора кенгайиб, улар эришаётган ютуқлар салмоғи ортмоқда.

Турли спорт мусобақалари мунтазам ташкил этилаётгани ўғил-қизларни спортга қизиқтириш, уларнинг ғалабага бўлган интилишини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. 2015 йилнинг олти ойи давомида Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Тошкент шаҳар филиали томонидан қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Соғлом фарзанд – юрт келажаги”, “Камолот” шахмат тахтаси”, “Болалар лигаси”, “Шарқ гўзали”, “Баҳор маликалари”, "Қувноқ стартлар", оилавий спортни оммалаштириш мақсадида “Отам, онам ва мен – спортчи оила”, “Она соғлом бўлса, фарзанд соғлом бўлади” каби спорт мусобақалари ташкил этилди.

Буларнинг барчаси ўқувчиларни спортга ошно этиб тарбиялаш, улар ўртасида спорт турларига қизиқишни янада кучайтириш, пировардида ўғил-қизларнинг соғлом ва баркамол бўлиб улғайишига хизмат қилмоқда.

Нурилло Насриев, ЎзА