ЎзА Ўзбек

16.03.2013 02:03 Болалар спорти

Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг мажлисидаги маърузаси

Ҳурматли Ҳомийлик кенгаши аъзолари ва мажлис қатнашчилари!

Бугунги йиғилишимиз кун тартибига киритилган масалаларни кўриб чиқишдан олдин мамлакатимизда 2002 йил октябрь ойида Ўзбекистон Президентининг фармони билан ташкил этилган Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг иш бошлаганига 10 йил тўлганини эслатиб ўтишни истардим.

Шу муносабат билан Жамғарманинг ана шу ўтган даврдаги фаолияти натижаларини қисқача сарҳисоб қилсак, айни муддао бўлади, деб ўйлайман.

Шу борада барчамиз учун эзгу мақсадимизга айланиб қолган вазифа – яъни “Соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш – келажаги буюк давлат пойдеворини қуриш, дунёда ўзимизга юксак обрў эгаллаш демакдир” деган шиорни эслашимиз ўринли бўлади.

Бошқача қилиб айтганда, Жамғармани ташкил этишда биз соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш, соғлом ҳаёт тарзини кенг қарор топтириш, ёш наслимизни турли салбий таъсирлардан асраш, болалар спортини том маънода оммавий, умумхалқ ҳаракатига айлантиришдек олижаноб мақсадларни ўз олдимизга қўйганимизни яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчиман.

Чунки, ҳеч кимга сир эмас, ҳар қайси ота-онанинг орзуси бўлган, яъни ўз фарзандларининг жисмоний, интеллектуал ва маънавий жиҳатдан етук бўлиб, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашини энг устувор, энг олий мақсад, деб билган мамлакат ва халқгина юксак тараққиётга эриша олади.

Мухтасар айтганда, биз болалар спортини таълим-тарбия жараёни билан мутаносиб равишда изчил ривожлантиришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик ва бу йўлда кенг кўламли ишларни амалга ошириб келмоқдамиз.

Жамғарма фаолиятида асосий эътибор болалар спортини, биринчи навбатда, қишлоқ жойларда ривожлантириш, унинг моддий-техник базасини шакллантириш, умумтаълим мактабларида замонавий болалар спорт комплекслари тармоғини барпо этиш, уларни замонавий спорт ускуна ва инвентарлари билан жиҳозлаш, шунингдек, бу иншоотлардан самарали фойдаланишга кўмаклашиш масалаларига қаратилгани ҳар жиҳатдан тўғри бўлганини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб бермоқда.

Ўтган охирги 10 йил давомида Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1113 та болалар спорти объекти, жумладан, 252 та янги спорт комплекси, 861 та спорт зали барпо этилгани, буларнинг 84 фоизи қишлоқ жойларда қурилганини таъкидлаш лозим.

Бундан ташқари, фаолият кўрсатаётган 262 та спорт иншооти реконструкция қилинди ва капитал таъмирланди. Бу мақсадлар учун 570 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Биргина ўтган йилда 92 та болалар спорти объекти ва 16 та сузиш ҳавзаси қурилди ва реконструкция қилинди.

Айтиш жоизки, юқорида келтирилган рақамлар фақатгина Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилган ишларни ифода этади.

Мамлакатимиз бўйича умуман бугун мавжуд бўлган спорт объектлари ҳақида гапирганда қуйидаги кўрсаткичларни эътиборга олиш зарур.

Бугунги кунда умумтаълим мактабларининг сони 9600 тани ташкил этадиган бўлса, уларнинг 81 фоизи янгитдан қурилган ва реконструкция қилинган спорт залларига эга.

1549 та коллеж ва лицейлар замонавий жиҳозланган спорт заллари билан 100 фоиз таъминланган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, фойдаланишга топширилган янги спорт иншоотларининг барчаси Ўзбекистон давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан махсус ишлаб чиқилган замонавий намунали лойиҳалар асосида барпо этилди ва жиҳозланди.

Болалар спорти объектлари, авваламбор, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган анжомлар билан жиҳозланди ва қайта жиҳозланмоқда. Бугунги кунда 120 турдаги спорт инвентарлари ва ускуналарининг 114 таси мамлакатимиз корхоналарида ишлаб чиқарилаётгани ўтган даврда бу борада ҳам жиддий қадамлар қўйилганидан далолат беради.

Айни вақтда спорт объектларидан тўла ва самарали фойдаланиш униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз, айниқса, қизларимизнинг спортга бўлган қизиқиш ва интилишини орттириш йўлида муҳим ўрин тутади.

Ҳозирги пайтда янгитдан бунёд этилган болалар спорти объектларида фаолият кўрсатаётган 57,5 мингдан ортиқ спорт секцияларида 1 миллион 800 минг нафардан зиёд бола спорт билан шуғулланаётгани ва бунинг натижасида ҳар қайси спорт иншоотининг кундалик ўртача бандлик даражаси 9,2 соатга етгани, ҳеч шубҳасиз, фаолиятимизнинг энг муҳим самараси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Биз учун яна бир муҳим масала – бу қизларимизни ёшлигидан спортга жалб этиш, қизиқтириш билан боғлиқ бўлиб келмоқда. Эртага она бўладиган, янги инсонни дунёга келтирадиган, оила ва жамият таянчи бўладиган қизларимизни ёшликдан спорт билан ошно этиш масаласига янада жиддий эътибор беришимиз, бу борада эскидан қолган қарашларга бутунлай чек қўйишимиз зарур.

Турли, биз учун кўп жиҳатдан янги спорт турларини ўзлаштириш ва ҳаётга татбиқ этиш мақсадида амалга оширган ишларимиз мисолида сув спортини ривожлантиришга оид масалаларга тўхталиб ўтмоқчиман.

Ўтган беш йилда мамлакатимизнинг барча вилоятларида намунавий лойиҳалар асосида ҳажми 25 метрга 12 метр бўлган 14 та янги, замонавий ёпиқ сузиш ҳавзаси барпо этилди, 13 та сузиш ҳавзаси қайтадан қурилди, 83 таси капитал таъмирланди. Шу даврда 110 та сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилди, уларнинг умумий сони бугунги кунда юртимиз бўйича 203 тага етди.

Яратилган бундай кенг имкониятлар болаларнинг сув спорти турлари – сузиш, синхрон сузиш, сувга сакраш, ватерпол билан оммавий равишда шуғулланиши учун хизмат қилмоқда.

Ҳозирги вақтда 13 минг нафардан ортиқ ўғил-қизларимиз мамлакатимизда айни шу спорт турлари билан мунтазам равишда шуғулланаётгани алоҳида эътиборга сазовор.

Ана шундай саъй-ҳаракатларимиз натижасида сўнгги йилларда Ўзбекистон спортчилари сув спорти турлари бўйича кўплаб халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришмоқда.

2012 йили Германияда бўлиб ўтган сузиш бўйича халқаро мусобақада мамлакатимиз терма жамоаси 9 та олтин, 9 та кумуш ва 6 та бронза медални қўлга киритди.

Ана шу беллашувларда жуда фаол иштирок этган 12 яшар Амирбек Усмонов дунёнинг манаман деган давлатларидан келган тенгдошларини ортда қолдириб, 5 та олтин ва битта кумуш медални қўлга киритгани, ҳеч шубҳасиз, барчамизга чуқур мамнуният бағишлади. Австрия мамлакатида ўсмирлар ўртасида сузиш бўйича бўлиб ўтган халқаро турнирда ҳам Амирбек беш марта олтин медаль соҳиби бўлди.

Ўзимизга бир фараз қилайлик, илгари ёшларимиз сув спорти бўйича бундай катта ютуқларга эриша олармиди? Холисона тан олиб айтадиган бўлсак, бундай ютуқ ва ғалабалар илгари тушимизга ҳам кирмас эди. Бундай ҳаётни фақат орзу қилишимиз мумкин эди, холос.

Энг қувонарлиси, кўпчиликни ҳайратда қолдираётган бундай ёш чемпионлар қизларимиз орасидан ҳам кўплаб етишиб чиқмоқда. Мисол учун, Малайзияда ўтказилган синхрон сузиш мусобақаларида спортчи қизларимиз 4 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медални қўлга киритишди. Наманган вилоятининг ўсмирлар ва қизлар жамоалари эса ватерпол бўйича Малайзияда бўлиб ўтган халқаро беллашувда биринчи ўринларни эгаллашди.

Бугун нафақат Наманган, балки бутун Ўзбекистонимиз бу қизларга ҳар қанча олқишлар айтса арзийди. Чунки бир пайтлар, Наманганда қизлар, аёллар ижтимоий фаол эмас, деган гаплар ҳам бўлган эди. Шу маънода, спортчи қизларимиз бугун эришган бундай юксак марралар албатта барчамизни хурсанд қилади.

Маълумки, спорт оламидаги ҳар қандай ютуқ ўз-ўзидан келмайди. Спорт майдонларида эришиладиган ютуқлар – аввало шу йўлда тинимсиз интилиб, курашиб яшайдиган инсоннинг ютуғи, айни вақтда шу инсонни тарбиялаб вояга етказган жамиятнинг ютуғидир.

Мен ишонаман – бугун бутунлай янгича шароитларда ўсиб, камол топаётган бизнинг болаларимиз, қизларимиз бундан ҳам катта ютуқларни қўлга киритишга албатта қодир. Шунинг учун ҳам бундай истеъдодли, навқирон фарзандларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз, уларнинг салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш учун барча шарт-шароитларни яратиб беришимиз керак.

Мамлакатимизда катта теннис ва стол тенниси, бадиий ва спорт гимнастикаси, сузиш, енгил атлетика, баскетбол, гандбол, волейбол, футбол, дзюдо, кураш ва дунё бўйлаб кенг тарқалган бошқа спорт турлари жадал ривожланиб, тобора оммавийлашиб бормоқда.

Айни пайтда, юқорида айтилганидек, юртимизда 1 миллион 800 минг нафардан ортиқ бола 30 дан зиёд спорт тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Бу рақам, 2003 йилга нисбатан олганда, 1,4 баробар кўпдир. Шу даврда мактаб ўқувчиларини жисмоний тарбия ва спорт машғулотларига жалб этиш 20,4 фоиздан 40,5 фоизга, жумладан, қизлар ўртасида 16,4 фоиздан 32,5 фоизга ўсгани албатта ҳаммамизни қувонтиради.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ўтган йиллар давомида қишлоқ жойларда болалар спортини ривожлантириш билан боғлиқ ишлар тубдан яхшиланди.

Ҳолбуки, яқин-яқингача ҳам қишлоқларда болалар спорти қандай қониқарсиз аҳволда бўлиб келгани ҳақида ортиқча гапириб ўтиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман.

Агарки рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, сўнгги ўн йилда қишлоқ жойларда болаларнинг спорт билан шуғулланиши 14,5 фоиздан 39 фоизга ўсганини кўриш мумкин. Бугунги кунда қишлоқларда спорт билан мунтазам равишда шуғулланадиган болаларимиз сони 2003 йилга нисбатан икки баробар кўпдир.

Ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, ўтган йиллар мобайнида қизларни спортга жалб қилиш борасида улкан натижаларга эришилди. 2012 йилда мамлакатимизда спорт билан шуғулланаётган қизлар сони, 2003 йил билан солиштирганда, 1,6 баробар, жумладан, қишлоқ жойларда 1,3 баробар ўсди.

Спортнинг бадиий гимнастика, сузиш, синхрон сузиш, теннис ва бошқа турлари билан шуғулланаётган қизлар сафи сезиларли даражада кенгайганини мамнуният билан қайд этиш лозим.

Мисолларга мурожаат қиладиган бўлсак, бадиий гимнастика бўйича жойларда ҳудудий федерациялар ва марказларнинг ташкил этилгани натижасида спортнинг саломатлик учун ҳар томонлама фойдали бўлган ушбу нафис тури билан мунтазам шуғулланаётган қизлар сони кескин ошганини кўрамиз.

Эътибор беринглар, агар 2003 йилда бор-йўғи 1700 нафар қиз бола бадиий гимнастика билан шуғулланган бўлса, 2012 йилда уларнинг сони 36 мингтага етди.

Энг муҳими, қизларимизнинг спорт билан шуғулланиши уларнинг нафақат саломатлигида, айни пайтда қадди-қомати тўғри шаклланишида, юриш-туришида нақадар муҳим аҳамият касб этаётганини бугун ота-оналарнинг ўзлари қувонч билан таъкидлашмоқда.

Болаларнинг спорт билан шуғулланишга қизиқишини янада ошириш мақсадида мамлакатимиз ҳудудларида спортнинг кўплаб турлари бўйича мусобақалар, спорт фестиваллари, ўртоқлик учрашувлари ва ўқув-машғулот йиғинлари мунтазам равишда ўтказилмоқда.

Мисол учун, 2003-2012 йилларда 23 мингта спорт тадбири ўтказилган бўлса, уларнинг қарийб 17 мингтаси қишлоқ жойларда ташкил этилганини айтиш лозим. Ана шу тадбирларда 10,5 миллиондан ортиқ бола, жумладан, қишлоқ жойларда яшайдиган 7,6 миллион нафар ўғил-қизларимиз иштирок этди.

Шуни алоҳида айтиш керакки, юртимизда анъанавий тарзда ўтказиладиган, Олимпия ҳаракати тамойилларига тўлиқ мос келадиган уч босқичли спорт ўйинлари – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақалари мамлакатимиз терма жамоаларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Азиз дўстлар, спортни, биринчи навбатда, болалар спортини ривожлантириш борасидаги ишларнинг муваффақияти ушбу соҳага юқори малакали ўқитувчи ва мураббий кадрларни кенг жалб этиш билан боғлиқ экани ҳеч кимга сир эмас.

Шу мақсадда ўтган йиллар давомида болалар спорти объектларини мураббий кадрлар, айниқса, аёл спорт устозлари билан таъминлаш бўйича кўпгина ишлар амалга оширилгани сизларга яхши маълум, албатта.

Аввало, мураббийлар меҳнатини рағбатлантириш бўйича юртимизда янги, самарали тизим жорий этилгани бугунги кунда ўзининг амалий натижасини бермоқда. Бу борада 2012 йилда мураббий-ўқитувчилар сони 2003 йилга нисбатан 1,7 баробар кўпайгани, жумладан, аёл спорт устозларининг сони 5 баробар ошганини қайд этиш лозим.

Шу билан бирга, мураббий-ўқитувчи кадрлар таркиби ҳам сифат жиҳатидан ўзгарганини, яъни уларнинг қарийб ярми бугунги кунда ўз соҳаси бўйича олий маълумотга эга эканини таъкидлаш жоиз.

Ёш спортчиларимизнинг халқаро, қитъа ва минтақа миқёсидаги мусобақаларда қўлга киритган ғалабалари болалар спортини ривожлантириш борасида эришган ютуқларимизнинг яққол тасдиғи бўлмоқда.

Бу ҳақда сўз юритганда, 2005-2012 йиллар мобайнида Жамғарма маблағлари ҳисобидан қарийб 4 минг нафар бола 333 та халқаро спорт тадбирида, турли фестиваль ва ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этганини айтиб ўтиш ўринлидир. Ана шу мусобақаларда қатнашганларнинг асосий қисми – қарийб 2400 нафари қишлоқ жойларда яшаётган ўғил-қизларимиздир.

Биз барпо этган спорт объектларида спортчи сифатида шаклланиб, камолга етган бу ёшлар дунёнинг 34 тадан ортиқ мамлакатида бўлиб, спортнинг 30 тури бўйича Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилгани ҳақида ҳар қанча ғурурланиб гапирсак арзийди, албатта.

Ана шундай ёш спортчиларимиз ўтган даврда ўз маҳорати, азму шижоатини намоён этиб, 922 та медални, жумладан, 363 та олтин, 282 та кумуш ва 277 та бронза медални қўлга киритгани алоҳида таҳсинга сазовордир. Биргина 2012 йилнинг ўзида спортчи йигит-қизларимиз 204 та медаль соҳиби бўлдилар. Уларнинг 81 таси олтин, 61 таси кумуш ва 62 таси бронза медалидир.

Айниқса, ўсмир ёшдаги шахматчиларимизнинг ўтган йили эришган катта ғалабалари миллий спортимиз тарихида том маънода ёрқин из қолдирадиган воқеа бўлди.

Бундай мисолларни давом эттирадиган бўлсак, 2012 йилда тўққиз яшар жажжигина шахматчимиз Нодирбек Абдусатторов Словениянинг Мариборе шаҳрида тезкор шахмат бўйича ўтказилган, дунёнинг – шунга эътибор беринг – 126 мамлакатидан қарийб 2600 нафар спортчи иштирок этган жаҳон чемпионатида ғолиб чиққани, ёш спортчимиз Нафиса Мўминова эса Ўзбекистон хотин-қиз шахматчилари орасида биринчи бўлиб Халқаро шахмат федерацияси – ФИДЕнинг халқаро гроссмейстер, деган юксак унвонига сазовор бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Шу билан бирга, моҳир сузувчи қизларимиз Шоҳида Зоҳидова, Севара Бобоқулова ва Гулсанам Йўлдошева синхрон сузиш бўйича Индонезияда бўлиб ўтган Осиё чемпионатининг кумуш медалларини қўлга киритгани ҳам миллий спортимиз шуҳратини ошириш йўлидаги жиддий қадам бўлди.

Ўзингиз ўйланг, мана шу уч нафар қизимиз, ўзбек қизлари спортнинг энг мураккаб тури бўлган синхрон сузиш бўйича Осиё қитъасида кумуш медалга сазовор бўлгани, ҳақиқатан ҳам, жуда катта воқеа. Илгари юртимиз қизларининг шу борада бундай муваффақиятли қатнашганларини эслай олмаймиз. Бу ютуқ, авваламбор, ўзбек оилаларидаги маданий муҳит, керак бўлса, маънавий савия қандай ўзгариб, дунёқарашимиз, онгу тафаккуримиз қандай юксалиб бораётганининг исботи эмасми?

Айтиш керакки, бу уч нафар қиз Индонезияда медаль олибди, деган шунчаки оддий гап эмас. Бу ютуқнинг моҳияти ва аҳамиятини англаб, чуқур мулоҳаза юритадиган бўлсак, шу мисолнинг ўзи ҳам одамларимиз, жамиятимизнинг ҳаёт тарзи, дунёқараши тубдан ўзгариб бораётганини намоён этмайдими? Бу ўз навбатида ҳаётимизда замон билан ҳамқадам бўлиб яшашга интилишнинг кучайиб, демократик қадриятлар, аввало, оилавий демократиянинг ривожланиб бораётганининг тасдиғи эмасми?

Шунинг учун ҳам четдан туриб бизга ақл ўргатадиган, Ўзбекистон ҳақида қуруқ сафсата сотадиган баъзи кимсаларнинг гаплари таги пуч даъволардан бошқа нарса эмас.

Ишончим комилки, мана шундай ютуқларимизнинг барча соҳа ва тармоқларда янада кўпайиб бориши тирноқ тагидан кир қидирадиган бундай кимсаларга энг ўткир жавоб бўлади.

Мен спорт соҳасида шундай марраларни қўлга киритаётган болаларимизни бугунги кунда мамлакатимизда катта куч бўлиб майдонга чиқаётган миллионлаб Ўзбекистон ёшларининг муносиб вакиллари, деб биламан. Айнан ана шундай азму шижоатли ўғил-қизларимиз ўз ютуқлари мисолида бошқа минг-минглаб тенгдошларига ибрат бўлади, керак бўлса, уларни ҳам катта мақсадлар йўлида руҳлантиради. Бу эса ўзбек халқи бугунги кунда дунёда тобора кескинлашиб бораётган рақобат шароитида ҳеч қачон ҳеч кимдан кам бўлмайди, деган ҳақиқатни яна ва яна бир бор амалда тасдиқлаб беради. Агарки баландпарвоз гапларни бир четга йиғиштириб қўйиб айтадиган бўлсак, бундай болалар биз орзу қилган соғлом ва баркамол авлод тимсоли, эртанги кунимиз учун намуна бўладиган ёшлардир.

Биз албатта Хоразмий, Фарғоний, Беруний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби буюк аждодларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Айни вақтда мана шундай ёшларимизнинг ютуқларини кўриб, бугун бизнинг давримиз келди, Ўзбекистоннинг замони келди, дунё бизни тан оляпти, деган юксак ғурур-ифтихор туйғуси, катта ишонч билан яшашимиз табиийдир.

Шу нуқтаи назардан қараганда, ҳар қайси вилоят ёки туман раҳбари, ҳар қайси етакчи ва мутасадди шахс болалар спортини ривожлантириш масаласига ғоят жиддий эътибор қаратиши зарур. Қаерда, қайси соҳада бўлмасин – бу илм-фан, маданият, адабиёт ва санъат, спорт соҳаси бўладими, агарки йилт этган истеъдод пайдо бўлса, бундай болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали уларни аввало Ватанимиз, халқимиз қўллаб-қувватлаётганини жамоатчилигимизга, ёшларимизга етказишимиз, англатишимиз керак. Айниқса, оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистларимиз бундай муҳим мавзуларни ёритишда янада фаоллик кўрсатишларини истардим.

Шу ўринда алоҳида айтиш жоизки, спортда эришган юксак натижалари учун синхрон сузиш бўйича Шоҳида Зоҳидова ва айкидо бўйича Осиё чемпиони сурхондарёлик Сарвиноз Шайдуллаева Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.

Яқинда Тошкентда Хотин-қизлар байрамига бағишланган тантанали маросимда сўзга чиққан С.Шайдуллаеванинг фикрларига эътибор берадиган бўлсак, унинг қандай ишонч билан, ўз юрти ҳақида фахр билан гапиргани барчамизни мамнун этади. Мен билмадим, бундай қизларга ҳар томонлама муносиб куёв бўлиш, уларнинг меҳрини, муҳаббатини қозониш учун энди йигитларимиз қандай марраларни забт этиши керак бўлар экан?..

Эшкак эшиш спорти бўйича ҳам фарзандларимиз халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришмоқда. Францияда ўтказилган байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича 17-халқаро мусобақада терма жамоамиз 5 та медални қўлга киритди. Жумладан, тошкентлик Артур Нургалиев ва Сергей Бухальцев 2 та олтин медалга сазовор бўлишди.

Шулар қаторида Дилшод Чориев ва Рамзиддин Саидов дзюдо бўйича Осиё чемпионатида олтин медалларни қўлга киритишди.

Ўзбекистоннинг 16 ёшгача бўлган ўсмирлар терма жамоаси футбол бўйича Осиё чемпионатининг финал учрашувида Япония терма жамоаси устидан ғалаба қозониб, Осиё чемпиони деган унвонга сазовор бўлди.

Албатта, бу ютуқлар ёш спортчиларимиз томонидан халқаро мусобақаларда қўлга киритилган ғалабаларнинг фақатгина бир қисми эканини барчамиз яхши тушунамиз.

Энг муҳими, фарзандларимиз жаҳон спорт майдонларида эришаётган бундай ютуқ ва натижалар мамлакатимизда болалар спортини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида изчиллик билан олиб борилаётган кенг кўламли ишларимиз юксак самара бераётганининг яққол исботи сифатида барчамизга катта куч-ғайрат ва ишонч бағишлайди.

Шу борада яна бир ҳақиқатни ҳаммамиз яхши англаймиз. Яъни, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишнинг энг муҳим натижалари халқаро, минтақа ва мамлакат миқёсидаги мусобақаларда юқори натижаларга эришиш билан бирга, энг аввало, юртимизда болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, маънавий етук, жисмонан соғлом ёш авлодни вояга етказишда намоён бўлмоқда.

2003-2012 йилларда ўтказилган тадқиқотлар ва ҳар йили ўтказиладиган мактаб ёшидаги болаларнинг профилактик кўрик натижалари шундан далолат бермоқдаки, жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиш болаларнинг жисмоний ривожланиши ва саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Бу фикрнинг амалий тасдиғи сифатида ўтган даврда ўқувчилар ўртасида ўткир респиратор вирусли инфекциялар, пневмония, бронхит, сколиоз билан касалланиш ҳолатлари сезиларли даражада камайганини, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида болалар саломатлиги яхшиланиши кузатилаётганини таъкидлаш мумкин.

Яна бир муҳим натижа шундан иборатки, сўнгги ўн йилда 14 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида ўртача вазн кўрсаткичи 43 килограммдан 47 килограммга, қизлар ўртасида эса 44 килограммдан 48 килограммга ортгани кузатилмоқда.

Болаларнинг бўйи эса ўғил болалар ўртасида ўртача 3 сантиметрга, қиз болалар ўртасида эса 2,9 сантиметрга ўсгани аниқланган. Таъкидлаш жоизки, ҳозирги вақтда 92 фоиз ўғил-қизларимизнинг вазни ва бўйига доир кўрсаткичлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади ва ўйлайманки, бу барчамизга катта мамнуният бағишлайди.

Шу ўринда яна бир фактга эътиборингизни қаратмоқчиман. Агар 2003 йилда ҳарбий хизматга яроқли деб топилган йигитлар юртимизда 67,6 фоизни ташкил этган бўлса, 2012 йилда бу кўрсаткич 82,5 фоизга етган.

Айтиш керакки, бу кўрсаткичлар шунчаки оддий рақамлар эмас. Уларнинг замирида бизнинг мустақиллик йилларида юртимизда дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш борасида қилаётган қанча-қанча меҳнатларимиз, шу борада эришаётган улкан ютуқларимиз мужассамдир.

Айни вақтда бу рақамлар спорт билан мунтазам шуғулланиш ўсиб келаётган ёш авлоднинг саломатлиги ва жисмоний ривожланишига нақадар катта таъсир кўрсатаётганининг яна бир ёрқин далилидир.

Такрор ва такрор айтишга тўғри келади: болалар ва ёшларнинг спорт билан оммавий равишда шуғулланиши уларнинг характерини тоблайди, кучли, мард ва жасур бўлиб камол топишига хизмат қилади, қатъиятли, ҳаёт синовлари ва қийинчиликларини мардона енгиб ўтишга қодир инсонлар этиб тарбиялайди. Спорт билан мунтазам шуғулланиш фарзандларимизнинг феъл-атвори ва турмуш тарзини ижобий томонга ўзгартиради.

Бу сўзларнинг маъноси шуки, бугунги кунда тобора ҳал қилувчи кучга айланиб бораётган, эртага бизнинг ўрнимизни босадиган ёшларимизга спорт мана шундай ноёб фазилатларни бахш этар экан, биз болаларимизни спорт билан ошно этиш учун албатта бор куч ва имкониятларимизни янада кўпроқ ишга солишимиз, бу борада ҳеч нарсани аямаслигимиз керак.

Мухтасар айтганда, спорт мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялашнинг энг муҳим воситаси бўлиб келмоқда ва келажакда ҳам шундай бўлиб қолиши муқаррар. Чунки спорт – соғлом авлод, соғлом келажак дегани. Бинобарин, фақат соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир бўлади.

Бугун ўтган 10 йил давомида амалга оширган ишларимизни қисқача сарҳисоб қилар эканмиз, мана шу имкониятдан фойдаланиб, корхона ва ташкилотлар, компания ва фирмалар раҳбарлари ва жамоаларига, хусусий тадбиркорларга, ўзининг молиявий ҳиссаси ва шахсий иштироки билан Ўзбекистонда болалар спортини ривожлантиришдек эзгу ишга салмоқли ҳисса қўшган барча инсонларга самимий миннатдорлик билдирмоқчиман.

Мамлакатимиздаги чет эл бизнеси вакилларига Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятидаги иштироки, ўсиб келаётган ёш авлодни қўллаб-қувватлаш борасидаги хайрли ишлари учун алоҳида ташаккуримизни изҳор этамиз.

Бундан ўн йил олдин бошлаган ишларимиз ана шундай кенг қўллаб-қувватлангани туфайли Ўзбекистонда болалар спортини ривожлантириш қисқа муддатда том маънода умуммиллий ҳаракатга айланди, деб айтишга, ўйлайманки, бугун барча асосларимиз бор.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мамлакатимизда ўтган йиллар мобайнида болалар спорти объектларини барпо этиш, уларни юксак малакали кадрлар билан таъминлаш ҳамда ана шу имкониятлар асосида самарали иш олиб бориш бўйича катта тажриба тўпланди, бошқача айтганда, яхлит тизим яратилди.

Шу маънода, болалар спорти юртимизда нафақат катта ижтимоий, умуммиллий ҳаракатга айланди, балки Ўзбекистонимизнинг ҳар томонлама тараққиётга эришиши, ривожланган замонавий демократик мамлакатлар қаторидан муносиб ўрин олиши йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда, десак, ўйлайманки, айни ҳақиқат бўлади.

Эндиги асосий вазифамиз – бу борадаги ишларни жаҳон андозаларига мос равишда изчил давом эттириб, янги, юксак босқичга кўтаришдан иборатдир.

Шу йўлда барчангизга сиҳат-саломатлик, янги-янги ютуқлар тилайман.