Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.09.2016 15:46 Болалар спорти

Пойтахтимизда янги спорт зали барпо этилди

Пойтахтимизда янги спорт зали барпо этилди Пойтахтимиздаги 211-умумтаълим мактабининг янгидан бунёд этилган спорт зали фойдаланишга топширилди.

Мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш, унинг оммавийлигини таъминлашга қаратилаётган доимий эътибор ёш авлоднинг соғлом ва баркамол улғайиши, уларда Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат ва миллий ғурур туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан қайта барпо этилган мазкур спорт залида ўқувчиларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун барча шароит яратилган. Машғулотлар ўтказиш, ювиниш, шифокор ва мураббийлар хоналари замонавий жиҳозланган. Спорт зали 34 хил спорт жиҳозлари билан қайта таъминланди. Бу ерда ёшлар баскетбол, волейбол, қўл тўпи, мини-футбол, стол тенниси, таэквондо (WTF) ва бошқа спорт турлари билан шуғулланиш имкониятига эга.

Тошкент шаҳрида 2003-2015 йилларда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 119 янги спорт иншооти барпо этилди ва реконструкция қилинди.

– Спортнинг таэквондо (WTF) турига жуда қизиқаман, – дейди мактаб ўқувчиси Беҳруз Каримов. – Ёзги таътилдан сўнг спорт залимизнинг янги қиёфасини кўриб, хурсанд бўлиб кетдим. Энди янги спорт залида нафақат таэквондо, балки футбол ва волейбол билан ҳам шуғулланиш ниятидаман. Орзуим маҳоратли спортчи бўлиб, мамлакатимиз шарафини жаҳон ареналарида юксалтиришдир.

Жавоҳир Тошхўжаев, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА