ЎзА Ўзбек

29.08.2014 15:16 Болалар спорти

Орзуинг ушалсин, Гуллола

Тошкент вилоятининг Паркент туманида фаолият олиб бораётган икки юзга яқин катта-кичик спорт иншоотида ёш спортчиларнинг замонавий шароитларда шуғулланиши учун барча шароит яратилган. Мазкур даргоҳларда меҳнат қилаётган 195 нафар юқори малакали мутахассис ва жисмоний тарбия ўқитувчиси қарийб 28 минг ўғил-қизга спортнинг 16 тури бўйича сабоқ бермоқда. 

– Мактабимизда минг нафардан зиёд ўғил-қиз спортнинг бокс, бадиий гимнастика, белбоғли кураш, стол тенниси каби турлари билан мунтазам шуғулланмоқда, – дейди тумандаги 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Акмал Қурбоналиев. – Президентимиз раҳнамолигида спортнинг оммавийлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар самарасида фарзандларининг спорт билан шуғулланишини истаган ота-оналар сафи тобора кенгайиб бораётгани қувонарли. 

Ушбу мактабда шуғулланаётган ўсмирларнинг муайян қисмини қизлар ташкил этади. 

– Уч йилдан буён белбоғли кураш билан шуғулланаман, – дейди мактаб тарбияланувчиси Гуллола Тожибоева. – Ўтган вақт мобайнида туман ва вилоятда ўтказилган бир неча мусобақада қатнашиб, совриндорлар қаторидан жой олдим. Айни пайтда мамлакат миқёсида ўтказиладиган мусобақаларга жиддий тайёргарлик кўрмоқдаман. Жаҳон спорт ареналарида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш – энг катта орзуим.

ЎзА, Б.Ҳидоятов