ЎзА Ўзбек

28.01.2015 11:49 Болалар спорти

Спортнинг оммавийлиги ортмоқда

Ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишида спортнинг аҳамияти беқиёс. Шу боис Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёшлар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, уларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун кенг имконият ва шароитлар яратилмоқда.

Бунда айниқса, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг ташкил этилгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Жамғарма маблағлари ҳисобидан ҳар йили юртимиз шаҳар ва қишлоқларида кўплаб замонавий спорт иншоотлари қад ростламоқда, болалар ва ўсмирлар ўртасида турли спорт мусобақалари ўтказилмоқда.

Маълумотларга кўра, 2003-2014 йилларда жамғарма маблағлари ҳисобидан Самарқанд вилоятида икки юзга яқин болалар спорти иншооти барпо этилган. 2014 йилнинг ўзида 17 объектда қурилиш ва капитал реконструкция ишлари амалга оширилган.

Жумладан, саккизта умумтаълим мактабида спорт зали, Пастдарғом туманида ёпиқ сув спорти саройи бунёд этилди. Самарқанд шаҳри ва туманлардаги тўртта болалар ва ўсмирлар спорт мактаби иншоотлари капитал таъмирланди. Спорт билан мунтазам шуғулланаётган 13 минг 600 нафарга яқин ўқувчи-қизларга махсус спорт кийимлари топширилди.

– Болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли спорт билан шуғулланаётган ёшлар сафи йил сайин кенгайиб бормоқда, – дейди Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Самарқанд вилояти филиали директори вазифасини бажарувчи Жасур Нурмонов. – Бугунги кунда вилоятдаги умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг қарийб 52 фоизи, яъни 266 минг нафардан ортиғи спорт билан шуғулланмоқда. Уларнинг 121 мингга яқинини ўқувчи-қизлар ташкил этаётгани эътиборлидир. Хотин-қизлар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар доирасида барча туман ва шаҳарларда бадиий гимнастика, енгил атлетика бўйича спорт секциялари фаолияти йўлга қўйилди. Спорт билан шуғулланиш истагида бўлган қизлар сони кўпайди. Айни пайтда ўқувчи-қизларнинг беш минг нафардан ортиғи бадиий гимнастика, 8 минг 300 нафарга яқини енгил атлетика, 7 минг 500 нафари стол тенниси билан шуғулланаётир. Бу спортчилар орасидан 12 нафари 2014 йилда нуфузли халқаро мусобақаларда ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди. Жумладан, вилоят гимнастикага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчилари Мафтуна Шамсиева, Тахмина Икромова бадиий гимнастика бўйича Осиё ва жаҳон биринчиликларида ғолиб бўлди. Шахмат-шашкага ихтисослашган вилоят болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчиси Шаҳноза Турсунова шахмат бўйича Осиё чемпионатида учинчи ўринни эгаллади.

Ёшларни спортга жалб этиш, уларни лаёқатига қараб йўналтириш ва иқтидорини кашф этишда ўқитувчи-мураббийларнинг ўрни катта. Шу сабабли юртимизда жисмоний тарбия ўқитувчилари ва спорт мураббийлари тайёрлаш, улар меҳнатини рағбатлантириш тизими такомиллаштирилди. Бунинг натижасида айни пайтда вилоят халқ таълими муассасаларида фаолият кўрсатаётган 2 минг 912 нафар жисмоний тарбия фани ўқитувчисининг 750 нафарини, спорт мактабларидаги мураббийларнинг 25 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Кейинги икки йилда мураббиялар сони 64 нафарга ошди. Жисмоний тарбия йўналиши мутахассислиги бўйича олий таълим муассасаларида таълим олаётган 170 нафар самарқандлик қизларнинг қўшилиши билан уларнинг сафи янада кенгаяди.

Болалар спортини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган бу каби чора-тадбирлар ёшларнинг жисмонан ва маънан соғлом бўлиб камолга етишига хизмат қилиши баробарида истеъдодли спортчиларни кашф этишда муҳим аҳамият касб этади.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА