ЎзА Ўзбек

31.12.2017 16:53 Болалар спорти

Қоракўлда йирик спорт зали ва ёпиқ сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилди

Қоракўлда йирик спорт зали ва ёпиқ сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилди

Бухоро вилояти Қоракўл тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактаби бир кунда 200 нафар ёш шуғулланадиган ўзига хос спорт марказига эга бўлди.

Бу ерда йирик спорт зали ва унга ёнма-ён ёпиқ сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилди. Умумий лойиҳа-смета қиймати 4,3 миллиард сўм бўлган ушбу объектлар Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан барпо этилиб, 343 миллион сўмлик жиҳозлар билан ҳам таъминланди.

Спорт залида миллий кураш, эркин ва юнон-рум кураши, бокс, дзюдо билан шуғулланиш учун барча қулайлик яратилган. Ҳакамлар, мураббийлар, тиббиёт хоналари ҳам ташкил этилган.

– Шу пайтгача мослаштирилган эски бинода шуғулланиб келардик. Очиғи, барқарор иситилмайдиган иншоот машғулотлар учун нобоп эди, – дейди яқинда Ҳиндистонда ўтказилган кураш бўйича 20 ёшгача ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати олтин медали соҳиби Абдулазиз Ҳамроев. – Биз бугун ўзимиз орзу қилган спорт залига эга бўлдик. Бу ердан ҳали  юртимизни дунёга танитадиган ёш спортчилар етишиб чиқишига ишонаман.

Ёпиқ сузиш ҳавзаси ҳам янги йилга ажойиб совға бўлди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳозирдаёқ сув спортига 100 га яқин ўғил-қиз қизиқиш билдираётган экан. Улар сафига қўшни Олот тумани ёшлари ҳам қўшилиши кутилмоқда.

Умуман, бугунги кунда Қоракўл тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 6 мингдан зиёд ўғил-қиз спорт билан мунтазам шуғуланмоқда.

Янги иншоотда катталар учун соғломлаштириш гуруҳларини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.

Эркин Ёдгоров, ЎзА