ЎзА Ўзбек

29.07.2014 15:23 Болалар спорти

Ғолиблар тақдирланди

Нукусда 14-16 ёшли қизлар ўртасида сузиш мусобақаси ўтказилди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллиги ва Соғлом бола йили муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси филиали томонидан ташкил этилган мусобақада Нукус шаҳри, Элликқалъа, Чимбой ва Тахтакўпир туманларидан спортчи-қизлар иштирок этди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Ибрагимова ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида болалар спортини ривожлантириш, айниқса, қизларни спортга кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

15-16 ёшли қизлар ўртасида 50 метр масофага эркин усулда сузиш мусобақасида Марзина Ўразимбетова биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Ойгул Мирзақуловага насиб этган бўлса, учинчи ўринни Рамуза Жузмуратова қўлга киритди.

14 ёшли қизлар ўртасида Шаҳризода Қуатбоева, Азиза Назарова, Айнура Жумабоева дастлабки уч ўринни банд этди.

– Нукус Олимпия захиралари коллежи сув ҳавзасида уч йилдан буён мунтазам шуғулланаман, – дейди Марзина Ўразимбетова. – Мақсадим келгусида Ватанимиз шарафини халқаро миқёсда янада улуғлашга ҳисса қўшиш.

ЎзА, А.Ортиқбоев