ЎзА Ўзбек

07.12.2016 12:18 Болалар спорти

Навоий вилоятида 2003-2016 йилларда 106 спорт иншооти барпо этилди

Мамлакатимизда спорт, айниқса, болалар спортини ривожлантириш, ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши, истеъдод ва салоҳиятини кенг намоён этиши учун замонавий шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Навоий вилоятида Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 2003-2016 йилларда 106 спорт иншооти қурилиб, фойдаланишга топширилди ва 120 хил анжомлар билан жиҳозланди. Мазкур мажмуаларнинг асосий қисми қишлоқ жойларида қад ростлаган.

Қизилтепа, Хатирчи, Навбаҳор туманлари ва Навоий шаҳрида спортнинг волейбол, баскетбол, футбол, спорт ва бадиий гимнастика, кураш турларига ихтисослашган заллар, ёпиқ сузиш ҳавзаси бунёд этилди. Болалар спортига қаратилаётган бундай юксак эътибор туфайли спортсевар ёшлар сафи тобора кенгайиб, спорт тўгараклари сони кўпаймоқда. Жумладан, вилоятдаги спорт иншоотларида 4 минг 586 тўгарак ташкил этилди. Айни пайтда ушбу тўгаракларда 75 мингдан ортиқ ёшлар ўзлари қизиққан спорт тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Уларнинг 30 мингдан зиёди қизлардир.

Вилоятдаги 16 болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 13 мингдан ортиқ ўғил-қиз спорт билан мунтазам шуғулланмоқда. Ушбу мактабларда ёш спортчиларни тайёрлаш ва тарбиялаш учун барча шароит яратилган.

– Жорий йил вилоятимиз спортчилари учун улкан ютуқларга бой бўлди, – дейди Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Навоий вилояти филиали директори У.Жабборов. – Айниқса, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари тарбияланувчилари бир қатор нуфузли спорт мусобақаларида совринли ўринларни қўлга киритди. Жумладан, мамлакат миқёсидаги чемпионатларда 214 олтин, 327 кумуш ва 380 бронза, халқаро мусобақаларда 46 олтин, 37 кумуш ва 37 бронза медалига сазовор бўлди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда болалар спортига қаратилаётган алоҳида эътибор самараси сифатида барчамизга ғурур-ифтихор туйғуларини бағишлайди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА