ЎзА Ўзбек

07.09.2016 12:39 Болалар спорти

Навоий вилоятида 2003-2015 йилларда 88 болалар спорти иншооти барпо этилди

Мамлакатимизда спорт, айниқса, болалар спортини ривожлантириш, ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун кенг шароит ва имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2002 йил 24 октябрдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим аҳамият касб этаётир.

Навоий вилоятида 2003-2015 йилларда жамғарма томонидан 88 спорт иншооти қурилди. Уларнинг аксарияти умумтаълим мактаблари қошида барпо этилгани ўқувчиларнинг ўзлари қизиққан спорт тури билан мунтазам шуғулланиши учун кенг имконият яратмоқда.

Айни пайтда вилоятдаги 14 болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 18 мингдан зиёд ўғил-қиз спорт билан мунтазам шуғулланаётир. Ушбу мактабларда ёш спортчиларни тайёрлаш ва тарбиялаш учун барча шароит яратилган. Малакали мутахассислар мураббийлигида бўлажак спортчилар билан ишлашнинг ўзига хос услублари қўлланилаётир. Ёшларни спортга жалб этиш, уларни лаёқатига қараб йўналтириш ўқитувчи-мураббийлардан юксак билим ва тажриба талаб қилади. Шу боис мамлакатимизда жисмоний тарбия ўқитувчилари ва спорт мураббийлари тайёрлаш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш тизими такомиллаштирилди. Бунинг самарасида айни пайтда вилоятдаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида фаолият кўрсатаётган 536 мураббийнинг 187 нафари хотин-қизлардир.

– Ёшларимиз эришаётган улкан ютуқлар мамлакатимизда яратилаётган шароит ва имкониятлар самарасидир, – дейди Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Навоий вилояти филиали бош мутахассиси Мадад Фармонов. – Энг улуғ, энг азиз айём – мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрами муносабати билан чекка қишлоқларда таълим олаётган ёшлар учун 6 спорт иншооти қурилиб, фойдаланишга топширилди. Спортнинг волейбол, баскетбол, футбол, бадиий гимнастика ва кураш турларига ихтисослашган заллар, ёпиқ сузиш ҳавзаси барпо этилди. Ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши йўлида яратилаётган шароитлар уларнинг соғлом улғайишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Болалар спортига қаратилаётган эътибор самарасини жойларда барпо этилаётган спорт масканлари ва уларда яратилган шароитлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

– Болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли спорт билан шуғулланаётган ёшлар сафи йилдан-йилга кенгаймоқда, – дейди Қизилтепа тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Суннатулло Юсупов. – Мактабимизда 1 минг 247 ўғил-қиз 13 спорт тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Тарбияланувчиларимиз халқаро миқёсдаги мусобақаларда ҳам муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Хусусан, 2015 йил март ойида Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида муайтай бўйича ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 42 килограмм вазн тоифасида Элбек Ўктамов биринчи ўринни қўлга киритди. Жорий йилда мактабимиз тасарруфида 200 қатновга мўлжалланган ёпиқ сузиш ҳавзаси фаолият бошлади. Бу янги истеъдодларни кашф этишга хизмат қилади.


Нуриддин Раҳимов, ЎзА