ЎзА Ўзбек

01.04.2013 18:40 Болалар спорти

Наманганда сув спорти жадал ривожланмоқда

Мамлакатимизда спортни ривожлантиришга, уни аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида оммалаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бунинг самарасида кўплаб спортчиларимиз нуфузли халқаро мусобақаларда юксак марраларни қўлга киритиб, давлатимиз байроғини баланд кўтармоқда.

Бу борада Наманган вилоятида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилганидан буён ўтган давр мобайнида вилоятнинг шаҳар ва қишлоқларида 137 замонавий спорт иншооти қурилиб, фойдаланишга топширилди, барча зарур спорт анжомлари ва жиҳозлари билан таъминланди. 2012 йилда мазкур жамғарма ва ҳомийлар ҳисобидан 13 болалар замонавий спорт ва санъат мактаблари барпо этилди.

Яратилаётган бундай шарт-шароит ва кенг имкониятлар туфайли ўтган йили турли халқаро мусобақаларда иштирок этган болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари тарбияланувчилари томонидан 6 олтин, 5 кумуш, 5 бронза медаллари қўлга киритилди.

Вилоятда сув спорти тобора оммалашиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг мажлисида бу ҳақда алоҳида тўхталиб, мазкур соҳада етишиб чиқаётган чемпионлар орасида қизлар кўпчиликни ташкил этаётганини мамнуният билан қайд этди. Айниқса, Наманган вилояти ўсмирлар ва қизлар терма жамоасининг Малайзияда ўтказилган сузиш мусобақаларида ватерпол бўйича биринчи ўринни эгаллагани барчамизга фахр ва ифтихор бахш этишини алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, ҳавас қилса арзигулик шарт-шароитларга эга бўлган бугунги авлод, унинг иқтидорли вакиллари ҳар соҳада ҳеч кимдан кам эмаслигини бутун дунёга намойиш қилмоқда. Буни 1999 йили ватерпол бўйича илк бор мамлакат кубоги соҳиби бўлиб, Осиё кубоги мусобақаларида қатнашиш ҳуқуқига эришган ва шундан буён турли даражадаги баҳсларда муваффақиятли иштирок этиб келаётган Намангандаги 23-олимпия захиралари ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчилари мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Наманган вилояти терма жамоаси 2012 йилда ўтказилган турли халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этди. Хусусан, Германияда эшкак эшиш бўйича ташкил этилган халқаро турнирда икки нафар спортчи иккинчи, бир нафари эса учинчи ўринни эгаллади. Малайзияда ёшлар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида ўсмирлар ҳам, қизлар ҳам биринчи ўринга муносиб кўрилиб, махсус кубок ва олтин медалга сазовор бўлди. Слаломда эшкак эшиш бўйича Наманган шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионати баҳсларида ҳам биринчи ўрин қўлга киритилди. Бундай ютуқларнинг барчаси Наманганда сув спортининг мустаҳкам базаси яратилиб, ундан самарали фойдаланилаётганлигидан далолат беради.

Ўтган йилнинг 3-10 декабрь кунлари Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида ватерпол бўйича бўлиб ўтган халқаро турнирда ғалаба қозонган вилоят терма жамоаси Дилхумор Мансурова, Зарина Жамолиддинова, Севара Икромова, Ҳуринисо Қаҳҳорова, Карина Захарьянц, Дарья Титова, Валентина Землянова каби мазкур мактаб тарбияланувчиларидан ташкил топган эди. Бу маскан сув спорти бўйича мамлакатимиз терма жамоасининг базаси ҳисобланади.

– Наманган шаҳридаги 2-тиббиёт коллежида ўқийман, – дейди Малайзияда бўлиб ўтган халқаро турнирда ғалаба қозонган қизлардан бири Моҳинур Аҳмаджонова. – Президентимиз бизнинг ғалабамизни эътироф этганларидан қалбимиз чексиз ифтихорга тўлди. Биз олис юртда турли мамлакатлардан келган спортчилар билан баҳсга киришганимизда ҳам Юртбошимизнинг оталарча ғамхўрликларини чуқур ҳис қилиб турдик ва бу бизни ғалаба сари ундади.

Ҳозирги кунда мактабда спортнинг 5 тури, яъни ватерпол, синхрон сузиш, сузиш, слаломда эшкак эшиш ва сувга сакраш бўйича 34 гуруҳ фаолият кўрсатмоқда. Уларга жалб этилган 405 нафар спортчининг 186 нафарини қизлар ташкил этади. Мактаб жамоаси малакали спортчилар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётир. Чунончи, ватерпол бўйича вилоят терма жамоаси таркиби тўлалигича мазкур муассаса тарбияланувчиларидан ташкил топган. Ўтган йили 53 нафар ўқувчи сув спорти турлари бўйича мамлакат терма жамоалари таркибида турли мусобақаларда иштирок этди. Уларнинг 25 нафари қизлар эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Мактаб ёшлари “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” мусобақаларида ҳам доимо фаол қатнашиб келади.

Ёшларни спортнинг ушбу турига жалб этишда мураббияларнинг хизмати катта. Анастасия Сковпина, Елена Ашурова, Диана Шамсутдинова сингари устозлар сабоғини олаётган қизлар орасидан кўплаб маҳоратли спортчилар етишиб чиқаётир. Тошкент шаҳрида 2012 йилнинг март ойида ўтказилган сувга сакраш бўйича Ўзбекистон чемпионатида Римма Латипова тарбиялаган Наманган шаҳридаги 49-мактаб ўқувчилари Алина Усмонова 1-ўринни, Камила Илдарова 3-ўринни қўлга киритди. Шунингдек, Галия Байкеева, Зарина Низомиддинова, Сабина Валитова, Севинч Зоҳиджонова, Моҳинур Аҳмаджонова сингари қизлар ҳам нуфузли мусобақалар совриндорларига айланди.

– Қўлга киритилаётган муваффақиятларда Президентимиз раҳнамолигида болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган катта эътибор муҳим омил бўлмоқда, – дейди 23-олимпия захиралари ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Равиль Вишняков. – Сув спортига ихтисослаштирилган мактабимиз 2011 йилда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан мукаммал таъмирланди ва зарур ускуна ҳамда анжомлар билан жиҳозланди. Бу ерда ватерпол учун мўлжалланган учта сузиш ҳавзаси мавжуд бўлиб, халқаро талабларга мос ланер билан қопланган. Бундан ташқари, ёзги спорт майдони, енгил атлетика майдони, тренажёр залида спортнинг бошқа турлари билан ҳам шуғулланиш имкониятлари мавжуд. Мухтасар айтганда, ушбу мактаб наманганлик спортсевар ёшларнинг севимли масканидир.


ЎзА, А.Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат)