ЎзА Ўзбек

22.02.2016 11:13 Болалар спорти

Мураббиялар ҳар бир мактабда

Президентимиз раҳнамолигида жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аёллар саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган эътибор натижасида спорт хотин-қизлар ўртасида кенг оммалашди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида замонавий спорт мажмуалари бунёд этилаётгани, уларда спорт билан шуғулланаётган қизлар кўпаяётгани малакали мураббияларга бўлган талабни оширди.

Давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 2 июндаги “2006/2007 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида”ги қарорига асосан болалар спорти мураббийлари тайёрлаш учун қабул ўрни кўпайтирилди. Қарорга мувофиқ қишлоқ жойлардаги спорт иншоотларини аёл мураббиялар билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида “Хотин-қизлар спортини ривожлантириш” йўналиши ташкил этилди.

Мазкур йўналишга ҳар йили қишлоқ туманлардан келган икки юздан зиёд қизлар қабул қилинмоқда. Улар институтни битириб, ўзлари истиқомат қилаётган қишлоқларда мураббия бўлиб ишламоқда, хотин-қизлар спортини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда.

– Жорий ўқув йилида институтимизга 260 қиз махсус квота асосида ўқишга қабул қилинди, – дейди институтнинг ўқув ишлари бўйича проректори Жамшид Умаров. – Улар олий ўқув юртини битиргач, йўналишига қараб ўз вилоятидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, олимпия захиралари спорт коллежи, касб-ҳунар таълими муассасалари ва умумтаълим мактабларида мураббиялик қилади.

Президентимизнинг 2010 йил 1 апрелдаги “Қишлоқ жойлардаги болалар спорти объектларида банд бўлган аёл спорт устозлари меҳнатини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ уларнинг меҳнати ҳар томонлама рағбатлантирилмоқда. Қарорга асосан қишлоқ жойлардаги умумтаълим мактабларида, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ва болалар-ўсмирлар спорт мактабларида жисмоний тарбия ўқитувчиси ҳамда спорт устози бўлиб ишлаётган аёлларнинг тариф ставкаларига ҳар ойда 15 фоиз миқдорда устама ҳақ белгиланган.
Спорт мураббиялари тайёрлаш ва уларни рағбатлантириш бўйича бундай тизим яратилгани ўз самарасини бермоқда. 2015 йилда спорт бўйича аёл мураббия ва ўқитувчилар 2005 йилга нисбатан 3,8 баробар ошгани бунинг бир мисолидир.

Аёл мураббия ва ўқитувчиларнинг кўпайгани қизларни спортга кенг жалб этиш, улар ўртасида спортни оммалаштиришда муҳим омил бўлмоқда. Бугунги кунда қиз болаларнинг 47 фоизи, қишлоқ жойларда 44,7 фоизи спорт билан мунтазам шуғулланмоқда.

Миллий кураш бўйича жаҳон чемпионатларида совриндор бўлган, 2009 йили Таиландда ўтган жанговар яккакурашлар бўйича I Осиё ўйинларида олтин медални қўлга киритган Муқаддас Кубеева спорт мураббияси бўлишни орзу қиларди. У 2013 йилда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтининг яккакурашлар факультетини хотин-қизлар спортини ривожлантириш йўналиши бўйича тамомлаб, бугунги кунда пойтахтимиздаги 11-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида қизларга мураббиялик қилмоқда.

– Мактабимиздаги жисмоний тарбия дарсида ўнлаб ўғил болалар орасида бир ўзим шуғулланардим, – дейди Муқаддас Кубеева. – Дугоналаримни спорт билан шуғулланишга таклиф қилсам, мураббий эркак киши бўлгани учун ота-онаси рухсат бермаслигини айтарди. Шунда ўз олдимга келажакда мураббия бўлишни мақсад қилгандим. Бугун қизларимиз ўғил болалардан кам бўлмай, ўзлари хоҳлаган спорт тури билан бемалол шуғулланмоқда.

М.Кубеева икки гуруҳда ташкил этилган машғулотларда ўттиздан зиёд болага миллий кураш бўйича машғулотлар ўтказмоқда. У шогирдларида спортга иштиёқ уйғотишга, ўз устида кўпроқ ишлашига эътибор қаратади. Тартиб-интизом ва озодаликка риоя этишни талаб қилади. Ҳар шанба куни шогирдлари билан тарбиявий соат ўтказади. Чунки маҳоратли спортчи тайёрлашда маънавий-руҳий тарбия муҳим ўрин тутади.

Мамлакатимизда соғлом авлодни вояга етказишнинг асосий шарти сифатида хотин-қизлар саломатлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, қиз бола соғлом ва бахтли бўлса, у қурадиган оила ҳам, унинг меваси бўлмиш бола ҳам соғлом ва бахтли бўлади. Оила соғлом ва бахтли бўлса, бутун жамият бахтли ва фаровон бўлади.

Нурилло Насриев, ЎзА