ЎзА Ўзбек

24.02.2015 17:12

Муниранинг аҳди қатъий

Муниранинг аҳди қатъий Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 20-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчиси Мунира Абдуллаева уч йилдан буён универсал жанг спорти билан шуғулланади.

Мураббийи Бекзод Шавқиевнинг айтишича, у спортга бўлган кучли қизиқиши сабаб универсал жанг сирларини қунт билан ўзлаштирган ва кўп ўтмай тенгдошларидан ҳам ўзиб кетган. Ана шу меҳнатлари натижасида бугун турли нуфузли мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритмоқда.

– Ҳозирги шароит ва имкониятларни кўриб, фарзандларимизга ҳавасим келади, – дейди Муниранинг отаси Абдумажид Абдуллаев. – Мактабларда барча қулайликка эга спорт заллари фаолият юритмоқда. Уларда болалар спорт билан доимий шуғулланиб, жисмонан чиниқмоқда, соғлом бўлиб улғаймоқда.

20-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида бадиий гимнастика, футбол, баскетбол, белбоғли кураш, муайтай, универсал жанг, таэквондо, сузиш секциялари ташкил этилган. Секцияларда доимий равишда шуғулланаётган 614 ёш спортчининг 150 нафарга яқини қизлардир. Уларга 19 нафар тажрибали мураббий спорт сирларини ўргатмоқда.

– Бир неча йил илгари спорт мактабимизда қизлар кам эди, – дейди муассаса директори Дилдора Яҳёева. – Сўнгги йилларда спортга меҳр қўйган қизлар сафи тобора кенгаймоқда. Оилаларда ҳам соғлом муҳит шаклланиб, ота-оналар фарзандларини спорт тўгаракларига етаклаб келмоқда.

Мактабда бошқа спорт турлари сингари универсал жанг спортига қизиқувчи ёшлар кўп. Арофат Мирхалилова, Камолиддин Расулов, Маҳзуна Ўроқова, Комила Норбоева, Султонмурод Турсунов сингари умидли спортчилар Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари аъзолари. Уларнинг кўпчилиги мамлакат биринчиликлари ва халқаро турнирларда совринли ўринларни эгаллаб келмоқда. Универсал жанг бўйича 2013 йили пойтахтимизда ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги халқаро мусобақада Арофат Мирхалилова иккинчи, Камолиддин Расулов учинчи ўринни эгаллади. Ўтган йили Маҳзуна Ўроқова, Комила Норбоева, Султонмурод Турсунов ўсмирлар ўртасида ўтказилган мамлакат чемпионатида биринчи ўринни қўлга киритди.

– Биз, ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишимиз, иқтидор ва салоҳиятимизни юзага чиқаришимиз учун яратилган имкониятлардан унумли фойдаланмоқдамиз, – дейди Мунира Абдуллаева. – Келажакда етук спортчи бўлиб, нуфузли халқаро турнирларида юртимиз байроғини янада баланд кўтариш ниятидаман.

Даврон Суннатов, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА