ЎзА Ўзбек

07.06.2016 15:04 Болалар спорти

Мезбонлар ғолиб

Гулистонда 11-12 ёшли болалар ўртасида футбол бўйича “Футбол ғунчалари” соврини учун мусобақа ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 12 жамоа ғолиблик учун баҳслашди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими вазирликлари, Ўзбекистон футбол федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақанинг очилиш маросимида Президентимиз раҳнамолигида болалар спортини ривожлантириш, ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларни лаёқатига қараб йўналтириш, спорт билан шуғулланиши учун замонавий шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2002 йил 24 октябрдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги ва 2004 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Қизиқарли кечган мусобақа якунида Сирдарё вилояти ёш футболчилари биринчи ўринни эгаллади. Фарғоналик спортчилар иккинчи, Жиззах ва Навоий вилоятлари жамоалари учинчи бўлди.

Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан тақдирланди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА