ЎзА Ўзбек

26.12.2016 12:59 Болалар спорти

Мен ҳам бола бўлиб қолсайдим...

Мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг юксак самаралари ҳақида

Ишга бориш учун кўчага чиқдим. Ҳаво совуқ. Қўшнимиз Давлат аканинг ўн ёшлардаги ўғли Азиз эгнига спорт сумкасини осиб, қаддини тик тутиб келаяпти. Қўлини кўксига қўйиб салом берди. Алик олиб, қаерга кетаётганини сўрадим.

– Машғулотга! – деди.

Ичимда “Эринмаган бола-я! Шу совуқда машғулотга нима бор экан?”, дедиму, беихтиёр ўзимнинг болалигим ёдимга тушди.

...Орзуларга тўла болалигим. Собиқ тузумнинг сўнгги нафаси этларни жунжиктириб турган, халқнинг шуури милт этган қуёш нурини соғиниб юрган саксонинчи йилларнинг охирлари эди. У пайтлар спорт тўгараги тугул, мактабга боришнинг ўзи бир ғанимат эди. Мактаб дастуридаги жисмоний тарбия дарсида иккита ғиштни “дарвоза” қилиб, титилиб кетган тўпни у ёқдан-бу ёққа тепиб, “футбол” ўйнаганимизга ҳам хурсанд бўлардик...

Бугунчи?

Хорижда яшайдиган танишимизнинг ҳўв бир йили юртимизга меҳмон бўлиб келиб, уйимизга бора-боргунча йўлдаги замонавий, барча шароитларга эга таълим муассасаларию санъат мактаблари, спорт иншоотларию сузиш ҳавзаларини кўриб, ҳайратланиб айтган гапи эсимда:

– Вой-бўй, шунча шароит, шунча имконият-а?! Ҳаммаси болалар учун! Ҳа, Ўзбекистон нафақат бугунини, балки эртасини ҳам ўйлайдиган, келажак авлоднинг бахту камоли учун ҳеч нарсани аямайдиган давлат. Бундай мамлакатнинг келажаги буюк бўлади!

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, ёш авлод – буюк келажагимиз бунёдкорларига алоҳида эътибор қаратилди, уларни ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш масаласи давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланди. Таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт соҳаларини тубдан ислоҳ этиш, ёшларимизнинг ҳар томонлама соғлом камол топиши, замонавий билимларни эгаллаши, ўз иқтидор ва қобилиятини рўёбга чиқариши учун кенг имкониятлар яратилди.

Бу жараёнда баркамол авлодни тарбиялашнинг энг муҳим ва самарали омили бўлган болалар спортини ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2002 йил 24 октябрдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги ва 2004 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Мазкур фармонлар ижросини таъминлаш доирасида ўтган йиллар давомида мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида замонавий, барча шароитларга эга болалар спорти мажмуалари, умумтаълим мактабларининг спорт заллари, сузиш ҳавзалари қурилиб, мавжудлари қайта реконструкция қилинди.

Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маълумотларига кўра, 2003-2016 йилларда 2 минг 474 иншоот, жумладан, 2 минг 173 спорт объекти, 301 болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳамда 118 сузиш ҳавзаси қурилиб, ёшлар ихтиёрига топширилган. Улар 86 турдаги спорт анжомлари ва ускуналари билан таъминланган. 120 турдаги спорт жиҳозларидан 119 таси юртимиздаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилмоқда. Ҳолбуки, 2003 йилда спорт жиҳозларининг атиги 73 таси мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, холос.

Бу фарзандларимизнинг жисмоний тарбия ва спортга қизиқишини янада ошириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, ўғил-қизларимизни жисмонан соғлом, руҳан тетик, иродаси мустаҳкам қилиб тарбиялашда, уларнинг онгида ватанпарварлик, юртга садоқат, ғалабага интилиш фазилатларини тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.

– Ҳозирги болаларга ҳавас қилса арзийди, – дейди пойтахтимизнинг Бектемир туманидаги 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Тоҳир Эгамқулов. – Болалар ўзи қизиққан спорт тури билан шуғулланиши учун барча шароит муҳайё. Уларнинг машғулотларини самарали ташкил этиш мақсадида спорт иншоотларида малакали мураббийлар фаолият олиб боради.

Мазкур муассасада ташкил этилган ўн олти спорт тўгарагида 750 ўғил-қиз спорт билан мунтазам шуғулланмоқда. Секциялар спорт инвентарлари ва ускуналари билан тўлиқ таъминланган. Ёшларга малакали мураббийлар маҳорат сирларини ўргатмоқда. Тарбияланувчилар мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда юқори натижаларга эришмоқда.

Яқинда мактабнинг янги, усти ёпиқ сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилди. Замонавий иншоотда сузиш ҳавзаси, ювиниш, кийим алмаштириш хоналари мавжуд. Сувни тозалаш, иситиш тизимлари, хона ҳароратининг мўътадиллигини сақлаш ускуналарининг борлиги иншоотнинг кўп йиллар давомида ёш авлодга хизмат қилишини таъминлайди.

– Ўтган йилларда болалар спортини ривожлантириш борасида қилинган ишлар натижасида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчи ўғил-қизлар сафи кескин ошиб, уларнинг саломатлиги мустаҳкамланмоқда, турли мусобақалардаги эришаётган ғалабалари салмоғи ортмоқда, – дейди Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ижрочи директорининг ўринбосари Акмал Бобонов. – 2016 йилда ёш спортчиларимиз Германия, Португалия, Россия, Вьетнам, Италия, Жанубий Корея, Испания, Таиланд, Болгария, Греция, Голландия, Ҳиндистон, Малайзия, Венгрия каби давлатларда ўтказилган мусобақаларда 182 олтин, 130 кумуш ва 121 бронза медални қўлга киритди.

Дарҳақиқат, спортчиларимизнинг турли нуфузли мусобақаларда эришаётган улкан натижаларининг мақтанса арзигулик салмоғи бор. 2016 йилнинг ўзида эришилган ютуқларни санаб саноғига етиш қийин. Қайси бирини айтайлик? Ўзбекистон спортчиларининг Бразилияда ўтган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларидаги ғалабалариними? Ё бокс, бадиий гимнастика, дзюдо, эркин ва юнон-рум кураши, оғир атлетика каби кўплаб спорт турларидан қитъа ва жаҳон чемпионатларидаги, нуфузли турнирлардаги қўлга киритган медаллариними? Русланнинг дунёни ҳайратга солиб, Олимпия рекордини ўрнатганиними, Ҳасанбойнинг ўз вазнида тенгсиз бўлиб, Олимпия чўққисини забт этганиними, ё унинг Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси томонидан йилнинг энг яхши боксчиси, деб тан олинганиними?

Бугун нафақат шаҳар, ҳатто энг чекка туман ва қишлоқларда туғилган ўғил-қизлар ўз иқтидори ва салоҳияти билан дунё кезмоқда, нуфузли мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда.

Биргина 2016 йилда ёш оғир атлетикачиларимиз Грузия ва Малайзияда ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида, бокс бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзолари Санкт-Петербург шаҳрида ўтган жаҳон чемпионатида ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди. Ўзбекистоннинг ёш шахматчилари мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатида 3 олтин, 2 кумуш ва 3 бронза медалга сазовор бўлди. Бадиий гимнастикачиларимиз Люксембургда ўтказилган халқаро турнирда тўртта медални қўлга киритди. Бу ёш спортчиларимизнинг 2016 йил давомида қўлга киритган ютуқларидан бир шингил, холос.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йилни мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилди. Шу муносабат билан қабул қилинадиган Давлат дастуридан ёшларимизни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш масаласи алоҳида ўрин эгаллашини, бу борада ёшлар учун зарур шароитлар яратиш, янги-янги таълим-тарбия, маданият, санъат ва спорт масканларини барпо этиш, ёш оилалар учун уй-жойлар қуриш, ёшларни иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорлик соҳасига кенг жалб этиш бўйича бошланган ишлар янги, юксак босқичга кўтарилишини алоҳида таъкидлади: «Биз таълим ва тарбия тизимининг барча бўғинлари фаолиятини бугунги замон талаблари асосида такомиллаштиришни ўзимизнинг биринчи даражали вазифамиз, деб биламиз».

Болалар спортини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилар экан, фарзандларимизнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши, ўз куч ва салоҳияти билан дунёни лол қолдириб, Ўзбекистон фарзандлари ҳеч кимдан кам эмаслиги ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини исботлайвериши шубҳасиз!

...Салом-аликдан сўнг Азиз тез-тез юриб кетди. Мен ёзнинг жазирамасию қишнинг қаҳратонини писанд қилмай, қалбидаги эзгу орзулари, мақсадлари сари шахдам одимлаётган, юз-кўзларидан қатъият, ўктамлик ва баркамоллик уфуриб турган болакайга ҳавас билан қарадим: "Қани эди, мен ҳам бола бўлиб қолсайдим..."

Байрам Айтмуродов, ЎзА