ЎзА Ўзбек

13.02.2015 18:31 Болалар спорти

Мақсад – иқтидорли спортчиларни тарбиялаш

3c.jpgПрезидентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида спорт мактабларида ўғил-қизларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.

Пойтахтимиздаги 26-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби – ана шундай масканлардан. Бу ердаги спортнинг футбол, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, баскетбол, бадиий гимнастика, бокс, дзюдо, турон яккакураши, енгил атлетика каби турлари бўйича тўгаракларда юзлаб болалар ўз маҳоратини оширмоқда. 18 нафар тажрибали мураббий уларга спорт сирларини ўргатмоқда. Спорт секциялари фаолияти қатъий жадвал асосида ташкил этилган.

– Болаларни ёшлигидан спортга ошно этиб тарбиялаш муҳим аҳамиятга эга, – дейди турон яккакураши бўйича мураббия Шаҳноза Алимова. – Боиси, спорт билан шуғулланган ўғил-қизлар мустаҳкам иродали, руҳан ва жисмонан бақувват бўлиб улғаяди. Ҳозирги кунда шогирдларим билан ўсмирлар ўртасидаги мамлакат чемпионатига тайёргарлик кўрмоқдамиз. Ёқуб Йўлдошев, Абдулла Абдураҳимов каби ўқувчиларимдан умидларим катта.

Мазкур спорт мактабида енгил атлетика, футбол, баскетбол, байдарка ва каноэда эшкак эшиш каби спорт турлари ёшлар ўртасида кенг оммалашган. Байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Шавкат Юсупов, Максим Судин, Нилуфар Зокирова, Алсу Сатторова, баскетболчи Мухлиса Абдумавлонова, енгил атлетикачилар Лола Набиева, Егор Мелник каби спортчиларнинг Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси таркибидан жой олгани бунинг тасдиғидир.

– Мақсадимиз Осиё ва Олимпия ўйинлари, қитъа ва жаҳон чемпионатларида муносиб иштирок этадиган спортчиларни тарбиялаш, – дейди мактаб директори Иброҳим Шукуров. – Жорий йилда мактабимизда Олимпия спорт турларидан таэквондо (WTF) секциясини очишни режалаштирганмиз.
Мактабда ўғил-қизларни спортга кенг жалб қилиш, машғулотларга қатнаётган болаларнинг қизиқиши ва маҳоратини янада ошириш мақсадида турли мусобақалар, профессионал спортчилар билан учрашувлар ташкил этилмоқда. Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Отам-онам ва мен – спортчи оила», «Қувноқ стартлар» каби мусобақалар шулар жумласидандир.

Жавоҳир Тошхўжаев, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА