ЎзА Ўзбек

08.08.2014 11:53 Болалар спорти

Маҳаллада мўъжаз стадион

Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллик байрамига қизғин тайёргарлик кўрилаётган шу кунларда Сирдарё вилоятида ҳам кўплаб янги таълим ва тиббиёт муассасалари, маданий-маиший объектлар, спорт иншоотлари фойдаланишга топширилмоқда. Куни кеча Гулистон шаҳрида навбатдаги кичик стадион ишга туширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида спортнинг оммавийлигини таъминлаш, айниқса, болалар спортини ривожлантириш бўйича ишлар янада кенг кўлам ва изчиллик касб этаётгани, ўтган қисқа даврда юртимизда ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни вояга етказиш борасида катта ютуқларга эришилгани қайд этилди.

– Шу пайтгача 4-5 километр наридаги стадионга бориб футбол ўйнардик, – дейди Фарҳод маҳалласида яшовчи Нуриддин Ҳамроев. – Маҳалламизда мана шундай мўъжаз ва замонавий стадионнинг қурилиши каттаю кичик барчани мамнун этди. Энди уйимизга яқин шу стадионга чиқамиз. Вақтимиз, маблағимиз тежалади.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида Сирдарё вилояти бўйича йигирмага яқин шундай стадион барпо этилиб, зарур анжомлар билан жиҳозланган. Сунъий қопламали бу майдонларга энг замонавий ёритиш тизими ўрнатилгани тунда ҳам футбол ўйнаш имкониятини беради.

ЎзА, А.Мустафоқулов