ЎзА Ўзбек

17.07.2014 18:42 Болалар спорти

Маҳалла ўсмирлари мусобақаси

Маҳалла ўсмирлари ўртасида ўтказиб келинаётган “Футболимиз келажаги” анъанавий республика турнирининг Наманган вилояти босқичи бўлиб ўтди.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамда маданият ва спорт ишлари бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган турнирда 36 жамоа уч ёш тоифасида ўзаро баҳслашди.

– Бундай тадбирлар ўқувчиларнинг ёзги таътилини мазмунли ташкил этиш, уларни спортга кенг жалб қилиш, маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси Насриддин Садриддинов. – Мусобақага қизиқиш йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу йил унинг қуйи босқичларида қирқ беш минг нафардан зиёд бола иштирок этди.

Тўрақўрғон туманидаги Бирлашган маҳалласининг “Истиқлол” жамоаси 9-10 ёшлилар ўртасида, Учқўрғон туманидаги Ўлжатўпи маҳалласининг “Орзу” жамоаси 11-12 ёшлилар, Наманган шаҳар Умид маҳалласининг “Навбаҳор-Умид” жамоаси 13-14 ёшли болалар ўртасида биринчиликни қўлга киритди.

Ғолиблар мусобақанинг шу йил август ойида Наманган шаҳрида бўлиб ўтадиган минтақавий босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилади.

ЎзА, А.Сатторов