Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.09.2014 12:48 Болалар спорти

Ислоҳотлар самараси

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2010 йил 5 майда қабул қилинган “Болалар спорти объектларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори жойларда болалар спорти объектларидан самарали фойдаланиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, болаларни жисмоний тарбия ва спортга янада кенг жалб этиш борасида муҳим дастуруламал бўлмоқда.

– Вилоятимизда 2003-2013 йилларда 165 болалар спорти иншооти қурилиб фойдаланишга топширилди, – дейди Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг Қашқадарё вилояти филиали директори Сирожиддин Азизов. – Жорий йилда Қарши шаҳри, Китоб, Қамаши, Ғузор, Миришкор, Яккабоғ, Шаҳрисабз ва Деҳқонобод туманларидаги тўққизта умумтаълим мактабида барча талабларга жавоб берадиган спорт заллари барпо этилди. Қарши ва Косон туманларидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари реконструкция қилинди. Манзилли дастур асосида қурилган бу объектларни тўлиқ, меъёр асосида жиҳозлаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Спорт иншоотларининг асосий қисми вилоятнинг чекка туман ва қишлоқларида қурилаётгани ҳудудда болалар спортини янада ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда. Вилоятдаги бир қатор мактабгача таълим муассасалари ҳамда болалар спорт мажмуаларида бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси, енгил атлетика бўйича қўшимча тўгараклар ташкил этилган.

Айни пайтда Қашқадарё вилоятида 61 минг нафардан зиёд 6-18 ёшли ўғил-қиз спорт билан мунтазам шуғулланмоқда. 181 минг ёш спорт ва жисмоний соғломлаштириш машғулотларига жалб этилган. Мавжуд 34 болалар ва ўсмирлар спорт мактабида минглаб ўғил-қизлар спортнинг кўплаб турлари бўйича маҳоратини оширмоқда.
Вилоятдаги барча зарур спорт анжомлари билан жиҳозланган замонавий спорт иншоотларида малакали мураббийлар меҳнат қилмоқда. Улардан сабоқ олаётган ёшлар шаҳар, туман, вилоят миқёсида ўтказилаётган беллашувларда янада чиниқмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида жамғарма томонидан ташкил этилган мусобақаларда олтмиш бир минг нафарга яқин ўғил-қиз ғолиблик учун кураш олиб борди. Беллашувларда юқори натижага эришган ёшлар республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда муваффақиятли иштирок этди. Ўтган йили бадиий гимнастика, енгил атлетика ва қўл тўпи бўйича хорижда ўтказилган нуфузли халқаро турнирларда Ғузор туманидаги “Чаноқ” болалар спорт мажмуасининг қизлар жамоаси, қаршилик Дилмира Ашурова, шаҳрисабзлик Азизбек Самадов совриндорлар қаторидан жой олгани бунга мисол. Бундай халқаро турнирларда қўлга киритилган ютуқлар ўғил-қизларимизнинг спортга, ғалабага бўлган қизиқиш ва интилишини янада оширмоқда.

Вилоятда болалар спортини ривожлантириш учун зарур шарт-шароит яратиш борасидаги ишлар изчил давом этаётир. Шу кунларда Қарши шаҳридаги вилоят болалар ва ўсмирлар спорт мактабида бадиий гимнастика зали бунёд этилмоқда. Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағи ҳисобига қурилаётган ушбу объект йил охирига қадар фойдаланишга топширилади.

ЎзА, Ўлмас Баротов