ЎзА Ўзбек

13.04.2015 17:59 Болалар спорти

Имкониятлар янада кенгайди

Бухоро шаҳридаги 9-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби биноси реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг 2 миллиард 200 миллион сўмдан зиёд маблағи эвазига реконструкциядан чиқарилган мактабда ўқувчилар учун барча шароит яратилди. Қўш қаватли бинодаги 2 зал бокс ва енгил атлетикага мослаштирилиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Янгидан барпо этилган 42х18 метр ўлчамдаги йирик спорт залида баскетбол, волейбол ва бошқа спорт турлари бўйича машғулот ва мусобақалар ўтказилади. Югуриш йўлакларига эга 240 ўринли футбол майдончаси ҳам ўқувчилар ихтиёрида.

– Мамлакатимизда ёшларнинг қизиқиш ва истеъдодига қараб спорт билан мунтазам шуғулланиши учун яратилаётган шароитлардан беҳад хурсандмиз, – дейди ўсмирлар ўртасида енгил атлетика бўйича мамлакат чемпионати совриндори Лазиз Ҳабибов. – Бу ерда яратилган шароитлар бизнинг жисмоний тайёргарлигимиз ва маҳоратимизни янада оширишга хизмат қилиши билан бирга, халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган кўплаб спортчилар етишиб чиқишига замин ҳозирлайди.

Спорт мактабида айни пайтда 120 дан зиёд ўғил-қиз мунтазам шуғулланмоқда.

Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиалидан маълум қилишларича, жорий йилги манзилли қурилиш дастурига мувофиқ битта сузиш ҳавзаси, 2 умумтаълим мактабида спорт зали барпо этилади. Учта болалар ва ўсмирлар спорт мактаби биноси мукаммал таъмирланиб, битта ана шундай муассаса реконструкция қилинади.

Эркин Ёдгоров, ЎзА