ЎзА Ўзбек

01.08.2014 14:25 Болалар спорти

Гуручариқлик ёш чемпион

Гуручариқлик ёш чемпион Пойтахтимизнинг Олмазор тумани Гуручариқ маҳалласида яшовчи ўн олти ёшли Ҳасанбек Абдушукуровнинг шотокан каратэ спорт тури бўйича эришаётган ютуқларига маҳалланинг кўпчилик ёшлари ҳавас қилмоқда.

Бугун юртимиздаги маҳаллаларда ёш авлод камолотига, жумладан, ўғил-қизларнинг илм олиб, спорт билан шуғулланишига қаратилаётган алоҳида эътибор соғлом ва баркамол ёшлар тарбиясида муҳим омил бўлмоқда. Зеро, фарзандларнинг жисмонан соғлом, маънан етук инсон бўлиб камол топишида маҳаллаларда бунёд этилаётган спорт мажмуалари, умумтаълим мактаблари қошидаги тўгараклар, спорт майдонларининг роли беқиёс.

– Маҳалламизда ёшларнинг спорт билан шуғулланиши доимий эътиборда, – дейди “Гуручариқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мирвоҳид Маърупов. – Спортга ошно фарзандларимиз нафақат соғлом ва баркамол бўлиб вояга етмоқда, балки уларда вақтни беҳуда ўтказиш ва бошқа салбий ҳолатларга қарши соғлом дунёқараш пайдо бўлмоқда.

Ёш спортчи Ҳ.Абдушукуров бир неча йилдан буён тумандаги 37-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида тажрибали мураббий Жамшид Қобулов раҳбарлигида шотакан каратэ сирларини пухта ўзлаштириб келади. Ҳасанбек ўз олдига қўйган мақсадига эришишида маҳаллада ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун яратилган шароит муҳим роль ўйнади.

У дастлаб туман, пойтахтимиз миқёсида ўтказилган мусобақаларда иштирок этиб, ғолиблар сафидан жой олди. Бу уни янада кўпроқ шуғулланиш ва юқори натижаларга эришишга ундади. 2009 йили Бухоро вилояти очиқ чемпионатида иккинчи ўринни эгаллаб, мураббийларда яхши таассурот қолдирди.

Кундан-кун маҳоратини ошириб борган ёш спортчига Қозоғистонда бўлиб ўтадиган халқаро турнирда иштирок этиш учун ишонч билдирилди. Нуфузли мусобақада Ҳасанбек кумуш медални қўлга киритиб, мамлакатимиз ўсмирлар терма жамоасига қабул қилинди.

2010 йили Ҳасанбек Малайзияда ўтказилган Осиё чемпионатида ғолиб бўлди. Кейинги йили Сингапурда шотокан каратэ бўйича дунёнинг қирқдан ортиқ давлати вакиллари ўртасида жаҳон чемпионати ўтказилди. Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси таркибида иштирок этган Ҳасанбек Абдушукуров яккалик баҳсларида ўз вазн тоифасида дунёнинг кучли спортчилари орасида тенгсиз эканини исботлаб, чемпионатнинг олтин медалини қўлга киритди.

– Фарзандларимизнинг нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этиб, Ватанимиз байроғини баланд кўтараётгани Президентимиз раҳнамолигида юртимизда ёшларга қаратилаётган доимий ғамхўрлик самарасидир, – дейди Ҳасанбекнинг отаси Саидазим Сайдуллаев. – Бу эътибор ва ғамхўрлик ёшларимизнинг жаҳоннинг кучли спортчилари орасида ҳеч кимдан кам эмаслиги ва кам бўлмаслигини исботламоқда.

ЎзА, Даврон Суннатов, Отабек Мирсоатов (сурат)