ЎзА Ўзбек

15.02.2016 11:52 Болалар спорти

Гимнастика – баркамоллик асоси

Президентимиз раҳнамолигида болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида, спорт, жумладан, гимнастика нафақат спорт тури, балки фарзандларимиз, айниқса, қизларни жисмоний ва маънавий баркамол вояга етказишнинг муҳим воситасига айланди.

Жиззах вилоятидаги гимнастикага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ташкил этилган 32 гуруҳда 600 га яқин ёшлар ушбу спорт тури билан замонавий шароитларда мунтазам шуғулланмоқда. Ўтган йили вилоят марказида бунёд этилган янги спорт мажмуаси гимнастика спортининг имкониятларини янада кенгайтирди. Мажмуа таркибидаги махсус жиҳозланган заллар, гимнастика саройи ўқувчилар ихтиёрида.

Болалар спортини ривожлантиришда спортнинг гимнастика турига алоҳида эътибор қаратилаётгани ўзининг юксак самараларини бермоқда. Буни спортнинг ушбу тури билан шуғулланувчилар сафи йилдан-йилга кенгайиб, халқаро миқёсда эришилаётган юксак натижалар мисолида ҳам кўриш мумкин. Масалан, вилоят терма жамоаси охирги уч йилда жамоавий чиқиш машқлари бўйича кетма-кет учинчи ўринни эгаллаб келмоқда.

Президентимиз Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг йиғилишида болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор юртдошларимизда фарзандини ҳар томонлама баркамол вояга етказишга интилиш туйғусини орттираётганини алоҳида таъкидлади. Энди ота-оналар фарзандини мактабгача таълим муассасасига, мактабга беришда у ерда гимнастика бўйича машғулотлар йўлга қўйилганини ҳисобга олмоқда.

Ана шу ҳаётий талабдан келиб чиқиб, гимнастика ўргатиладиган таълим муассасалари ҳам кўпаймоқда. Айни пайтда Жиззах шаҳридаги ўнта мактабгача таълим муассасасида спортнинг ушбу тури бўйича тўгараклар ташкил этилган. Бу тўгаракларда шуғулланаётган ўғил-қизлар ихтисослашган мактабларнинг асосий захираси ҳисобланади. Соғлом она ва бола йилида қизларни спортга янада кўпроқ жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу биз, гимнастика спорти мутахассислари ва мураббийлари зиммасига катта масъулият юклайди, айни пайтда суюнтиради.

Наргиза Алимардонова,
Жиззах вилоятидаги гимнастикага ихтисослашган
болалар ва ўсмирлар спорт мактаби бош мураббияси,
“Шуҳрат” медали соҳибаси.

ЎзА