ЎзА Ўзбек

28.07.2018 13:46 Болалар спорти

Футбол академиясига талабгорлар сараланди

Футбол академиясига талабгорлар сараланди
Қорақалпоғистонда ташкил қилинган болалар ва ўсмирлар футбол академиясига талабгорлар танлаб олинди. 
Айни пайтда ушбу академияда таълим олиш истагини билдирган 1016 нафар талабгор тажрибали мураббийлар синовидан ўтказилиб, улардан 338 нафар ўқувчи саралаб олинди.

– Ушбу академия Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 18 мартдаги “Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида ташкил қилинди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт бўйича қўмита раиси Ғайратбай Байниязов. – Муассасада таълим бепул ва бунда асосан истиқболли ёш футболчиларни кейинчалик профессионал тарзда тайёрлаш, футбол бўйича миллий терма жамоалар, профессионал футбол клублари учун сифатли спорт захирасини яратиш мақсад қилиб белгиланган. Аввалги мактаб-интернатларда ким белгиланган тўловни амалга оширса, шу қабул қилинган. Унда танлаб олиш бўлмаган. Энди у интернатлар фаолияти тугатилди ва ўрнига академия ташкил қилинди.
Академия ўқувчилари доимо жисмоний тартибда бўлади ва улар мазкур академияга яқин жойдаги умумтаълим мактабларига жойлаштирилади.

Академияга 5-синфдан 11-синфгача бўлган болалар ва ўсмирлар танлаб олинади. Талабгорларни жорий йил 10-25 июль оралиғида саралаш ишлари ўтказилди. Танлов тартиби биринчи босқичда фақат футбол ўйнатиб, боланинг техник қобилиятига, фикрлашига, қийин вазиятдан тўғри йўл топиб чиқиб кетиш кўникмаларига эътибор қаратилди. Иккинчи босқичда, норматив методлар асосида синов ўтказилди.



Есимхон Қаноатов, ЎзА