Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.01.2015 16:33 Болалар спорти

Эзгу мақсадлар рўёби

Пойтахтимизда 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган 200 мингдан зиёд ўғил-қиз спорт билан мунтазам шуғулланмоқда.

Мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш, уларнинг замон талаблари даражасида таълим-тарбия олиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, касб-ҳунар эгаллашига кенг имконият яратишга доимий эътибор қаратиб келинаётир.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида таълим-тарбия соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишдек эзгу мақсадини рўёбга чиқаришда муҳим омил бўлмоқда. Бу жараёнда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолияти ўғил-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштиришда беқиёс аҳамият касб этаётир.

Жамғарманинг Тошкент шаҳар филиали томонидан таълим масканларида билим олаётган ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида спорт билан мунтазам равишда шуғулланиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш ҳамда уларни спорт мусобақаларига оммавий тарзда жалб қилиш мақсадида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

2014 йилда филиал томонидан қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Соғлом фарзанд – юрт келажаги”, “Гимнастика барча учун”, “Соғлом аёл – соғлом жамият”, “Болалар лигаси”, “Баҳор маликалари”, "Қувноқ стартлар", оилавий спортни оммалаштириш мақсадида “Отам, онам ва мен – спортчи оила”, “Она соғлом бўлса, фарзанд соғлом бўлади”, “Куч бирликда” ва “Соғлом юрт, соғлом келажак” каби спорт тадбирлари ва мусобақалар самарали ташкил этилди. Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси томонидан барча умумтаълим мактабларида мавжуд спорт секцияларидан ташқари қўшимча 1-4 синф ўқувчилари учун шахмат, шашка, 5-9 синф ўқувчилари учун стол тенниси ва бадминтон тўгараклари ташкил қилиниб, уларга ўқувчи-ёшлар жалб этилди.

Бундай кенг имкониятлар ўқувчиларнинг спортга бўлган қизиқишини янада ошириш, уларнинг соғлом, кучли, мард ва қатъиятли бўлиб камолга етишига хизмат қилмоқда, спорт билан шуғулланаётган ёшлар сафи тобора кенгайиб, улар эришаётган ютуқлар салмоғи муттасил ортмоқда.

Буни пойтахтимиздаги 11-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби фаолияти мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Мазкур мактаб 2013 йилда амалга оширилган капитал реконструкция ишларидан сўнг замонавий қиёфа касб этди. Ушбу муассасада яккакураш спорт турига мўлжалланган иккита зал, ювиниш, кийим алмаштириш хоналари, спорт жиҳозлари, тренажёрлар болалар ихтиёрида.

Мактабда ташкил этилган миллий ва белбоғли кураш, турон яккакураши, дзюдо, эркин ва юнон-рум кураши ва таэквондо (WTF) секцияларида 600 нафардан зиёд ўғил-қиз спорт машғулотларига жалб этилган. Бу кўрсаткич 2013 йилга нисбатан 7 фоизга ўсган. Мактаб тарбияланувчилари 2013 йилда мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда жами 50 медални қўлга киритган бўлса, 2014 йилда бу кўрсаткич 60 дан зиёдни ташкил этди.

– Ўтган йили мактабимизда жисмоний имконияти чекланган болаларни спортга жалб этиш мақсадида махсус бўлим фаолиятини йўлга қўйдик, – дейди мактаб директори Улуғбек Раҳмонов. – Бу ўз натижасини бераётир. Арманистоннинг Ереван шаҳрида ўтказилган эркин кураш бўйича заиф эшитувчи ёшлар ўртасидаги биринчи халқаро турнирда мактабимиз тарбияланувчиси Дониёр Яҳёев кумуш медални қўлга киритган бўлса, Акром Ўзбеков бронза медаль билан тақдирланди.

Мактабдаги мураббийларнинг аксарияти олий маълумотли мутахассислардир. Темур Нуруллаев, Мурод Дўсимбетов, Усмон Махаматов, Ирина Пан, Наргиза Бафоева сингари тажрибали мураббийлардан спорт сирларини ўрганаётган ёшлар мусобақаларда юқори натижаларга эришмоқда. Мактаб тарбияланувчилари орасидан спортнинг эркин кураш тури бўйича Азиза Мустақова, Зуҳра Отамуродова, Дилноза Мўминова, таэквондо (WTF) бўйича Влада Пан, Адел Устименко каби мамлакат миқёсидаги мусобақаларнинг ғолиб ва совриндорлари етишиб чиқмоқда.

– Спорт инсоннинг иродасини тоблайди, характерини тарбиялайди, ўз олдига юксак мақсадларни қўйиб, унга эришиш йўлида барча қийинчилик ва машаққатларни енгишга ўргатади, – дейди таэквондо (WTF) бўйича Ўзбекистон чемпиони Влада Пан. – Биз, ёшларнинг спорт билан шуғулланишимиз, ўз иқтидоримизни намоён этишимиз учун кенг имкониятлар яратилгани бизни янгидан янги ғалабаларга руҳлантиради.

Нурилло Насриев, ЎзА