ЎзА Ўзбек

19.01.2016 14:09 Болалар спорти

Эътибор ва самара

Президентимиз раҳнамолигида болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор навқирон авлоднинг спорт билан мунтазам шуғулланиши, халқаро миқёсда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчиларни тарбиялашда муҳим омил бўлмоқда.

Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси кўмагида Қашқадарё вилоятида қад ростлаётган замонавий спорт иншоотлари ёшларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган шароитларда улғайиши учун хизмат қилиш билан бирга, қишлоқларимиз қиёфасини, юртдошларимизнинг дунёқарашини, спортга муносабатини ҳам тубдан ўзгартирмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 5 майдаги “Болалар спорти объектларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

– Жамғарма томонидан 2003-2015 йилларда вилоятда 16 замонавий спорт мажмуаси, 23 намунавий спорт иншооти, 148 мактаб спорт зали, 3 сузиш ҳавзаси барпо этилди, – дейди Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Қашқадарё вилояти филиали раҳбари Сирожиддин Азизов. – Ушбу спорт иншоотларининг 163 таси қишлоқ жойларда қад ростлагани янада аҳамиятлидир. Барчаси замонавий спорт жиҳозлари билан таъминланди. Бугунги кунда вилоятда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган 300 мингга яқин ёш спорт билан мунтазам шуғулланмоқда.

Ўтган йили янгидан барпо этилган Яккабоғ туманидаги 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 200 га яқин ўқувчининг замонавий таълим-тарбия олиши, ўзларини қизиқтирган спорт турлари билан шуғулланиши учун барча шароит яратилган.

– Малакали мураббийлар спортнинг баскетбол, волейбол, қўл тўпи, футбол, мини-футбол, стол тенниси, кураш каби ўндан зиёд турлари бўйича машғулотлар ўтказмоқда, – дейди мактаб директори Бўрон Тўраев. – Мактабимиз ўқувчилари вилоят ва мамлакат миқёсидаги мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Масалан, 2015 йилда Бозор Маҳматқулов ва Сабина Исматова миллий кураш, Сурайё Тўйчиева белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон чемпиони, деган юксак шарафга сазовор бўлди.

Жамғарма томонидан қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилаётган спорт тадбирлари ёш спортчиларга ўз кучини синаб кўриш, маҳоратини ошириш имконини бермоқда. Хусусан, ўтган йили вилоятда ўтказилган 385 cпорт тадбирига 198 мингдан зиёд спортчи ёшлар жалб этилди.

Таниқли спортчилар иштирокида ташкил этилаётган учрашувлар, маҳорат сабоқлари ўқувчи-ёшларнинг спортга бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қилмоқда. 2015 йилда кураш бўйича жаҳон чемпиони Баҳром Авазов, Лондон Олимпиадаси иштирокчилари – Наврўз Жўрақобилов, Дилшод Чориев, футбол бўйича хотин-қизлар ўртасида кўп карра Ўзбекистон чемпиони – “Севинч” жамоаси, Осиё ўйинлари совриндори, шахматчи Нодира Нодиржонова кабилар билан бўлиб ўтган учрашувлар шулар жумласидандир.

2015 йилда Жайхун Назаров дзюдо бўйича Францияда ўтказилган халқаро мусобақада ўз вазн тоифаси бўйича шоҳсупага кўтарилган бўлса, Луиза Ғаниева бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида Грецияда бўлиб ўтган халқаро турнирда биринчи ўринни эгаллади.

Истеъдодли спортчилардан бири Қарши давлат университетининг жисмоний маданият факультети 4-босқич талабаси Раъно Омоновадир. У сузиш билан шуғуллана бошлаганида етти ёшда эди. Ўтган вақт давомида у 8 карра мамлакат чемпиони бўлди, “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақаларида 10 дан ортиқ олтин, кумуш ва бронза медални қўлга киритди. Бир неча халқаро турнирларда ғолиблар қаторидан жой олди. Бугун халқаро тоифадаги спорт устаси Р.Омонова тўплаган медаллар сони 600 дан ошади.

– Ўтган йили Қатарнинг Доҳа шаҳрида ўтказилган Гран-при мусобақаси ҳаётимда ёрқин из қолдирди, – дейди Раъно. – Мусобақада муваффақиятли қатнашиб, жорий йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган ХХХI ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритдим. Айни пайтда мамлакатимиз терма жамоаси таркибида ушбу мусобақага жиддий тайёргарлик кўрмоқдаман.

Ўлмас Баротов, ЎзА