ЎзА Ўзбек

09.11.2015 14:48 Болалар спорти

Эътибор ва самара

Эътибор ва самара Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан ўтган йиллар давомида Жиззах вилоятида 109 иншоот, 7 сузиш ҳавзаси қурилди ва реконструкция қилинди. Уларнинг 90 фоизи қишлоқ жойларда қад ростлади.

Вилоятда жорий йилнинг ўтган даврида ўнта умумтаълим мактабининг янги спорт зали қурилиб, иккита болалар ва ўсмирлар спорт мактаби реконструкция қилинмоқда. Реконструкция қилинаётган болалар ва ўсмирлар спорт мактабларини йил охирига қадар ишга тушириш режалаштирилган.

Чекка туманларда барпо этилаётган спорт заллари, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларининг шаҳарда шу типда қурилган иншоотлардан ҳеч қандай фарқи йўқ. Барча замонавий шароит яратилган ушбу бинолар кўркамлиги билан қишлоқларга кўрк бағишлаб турибди. Ўтган йили Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан реконструкция қилинган Арнасой туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби бунинг ёрқин мисоли. Реконструкция давомида мавжуд бинога қўшимча замонавий спорт зали, ёрдамчи хоналар қурилиб, муассасанинг фойдаланиш қуввати олдингига қараганда икки баробар ошди.

– Аввал спортнинг беш тури бўйича машғулотлар ўтказилган бўлса, реконструкциядан сўнг уларнинг сони саккизтага етди, – дейди мактаб директори Равил Давидов. – Илгари футбол, волейбол, стол тенниси, бадиий гимнастика ва кураш секцияларида қарийб 400 бола шуғулланарди, энди улар қаторига дзюдо, баскетбол, бокс секциялари қўшилди ва спорт билан мунтазам шуғулланувчилар 500 дан ошди.

Ўтган йили Зарбдор тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактаби капитал реконструкция қилингач, ҳудуддаги энг кўркам бинолардан бирига айланди. 1 миллиард 562 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланган иншоотда ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун барча шароит яратилди.

3 (2).JPG

– Президентимиз раҳнамолигида ёшларни баркамол вояга етказишга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли болалар спортини ривожлантириш имкониятлари йилдан-йилга кенгаймоқда, – дейди Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Жиззах вилояти филиали директори Ўктам Маматқулов. – Жорий йилда жамғарма ҳисобидан иккита болалар ва ўсмирлар спорт мактабини реконструкция қилишда 8 миллиард 524 миллион, ўнта спорт зали қурилишида 6 миллиард 168 миллион сўмликдан ортиқ иш бажарилиши режалаштирилган. Ҳозир барча иншоотларда қурилиш ишлари жадвал асосида олиб борилаётир.

Янгидан қурилаётган ёки реконструкция қилинаётган бундай иншоотларнинг зарур спорт анжомлари билан тўлиқ жиҳозланаётгани ёшларни спортга жалб этиш, уларнинг маҳоратини оширишда асосий омил бўлмоқда. Вилоят умумтаълим мактабларидаги 336 замонавий спорт зали ҳамда 22 болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 5 мингдан ортиқ тўгарак фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларда 119 мингдан зиёд ўғил-қиз спорт билан мунтазам шуғулланмоқда.

Жамғарманинг вилоят филиали томонидан халқ таълими муассасалари билан ҳамкорликда ёшларнинг жисмоний тарбия ва спортга бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида турли спорт мусобақалари ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, жорий йилнинг ўтган даврида ўқувчилар ўртасида 520 га яқин спорт мусобақаси ўтказилди. Уларда иштирок этган қарийб 47 минг 500 ўқувчининг 21 минг 330 дан ортиғи қизлар экани янада қувонарлидир.

– Бокс бўйича халқаро тоифадаги спортчи Хуршид Тожибоев спортдаги илк сабоқларини бизнинг мактабимизда олганидан фахрланамиз, – дейди Пахтакор тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ўқитувчиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Баҳодир Мирзақулов. – У 2008 йили Пекин Олимпиадасида муваффақиятли иштирок этди, қатор нуфузли мусобақаларда юксак натижаларга эришди. Хуршиднинг келгуси йили Бразилияда бўладиган XXXI ёзги Олимпиадада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритгани қувончимизга қувонч қўшди. Бу баркамол авлодни вояга етказишда давлатимиз раҳбари томонидан болалар спортини ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилаётгани самарасидир.

Тошқул Бекназаров, Шерзод Назаров (сурат), ЎзА