ЎзА Ўзбек

20.01.2015 14:25 Болалар спорти

Эътибор ва самара

Тошкент вилоятида ўтган йиллар давомида Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 147 болалар спорти иншооти қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Президентимиз раҳнамолигида ёш авлоднинг жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар бўлиб вояга етиши, спорт билан мунтазам шуғулланиши, ўз истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариши учун барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2002 йил 24 октябрдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги ва 2004 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг Тошкент вилояти филиалидан маълум қилинишича, вилоятда ўтган йили олтита мактабнинг спорт зали, учта мусиқа ва санъат мактаби, битта ёпиқ сузиш ҳавзаси янгидан қурилиб, замонавий анжомлар билан таъминланган.

Давлатимиз томонидан яратиб берилаётган замонавий шарт-шароитларда маҳоратини ошираётган ёш спортчиларимиз турли мусобақаларда муваффақиятларга эришмоқда.

2013 йилда велоспорт бўйича 20 ёшлилар ўртасида Ҳиндистонда ўтказилган Осиё чемпионатида Чирчиқ олимпия захиралари спорт коллежи ўқувчиси Муроджон Холмуродов иккинчи бор Осиё чемпиони бўлди. Шу коллеж тарбияланувчиси Екатерина Кнеделева ўсмирлар ўртасида Таиландда ўтган қатъа мусобақасида иккинчи ўринни қўлга киритди. Белбоғли кураш бўйича Россияда ўтказилган жаҳон чемпионатида ёш спортчилар Искандар Маҳаматов ва Шаҳриддин Хайриддинов биринчи, Элдор Неъматов иккинчи, Ғолиб Аҳмедов учинчи ўринни эгаллади.

Албатта, ёш ва умидли спортчиларнинг бундай натижаларга эришишида мураббийларнинг хизмати катта. Вилоятдаги спорт иншоотларида 2 минг 400 нафардан зиёд юқори малакали мутахассис 86 минг нафар ўғил-қизга спортнинг қирққа яқин тури бўйича сабоқ бермоқда.

– Мактабимизда болалар сув спорти, бадиий гимнастика, стол тенниси каби спорт турлари билан мунтазам шуғулланмоқда, – дейди Олмалиқ шаҳридаги 3-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Баҳодир Аҳмедов. – Кейинги йилларда уларнинг сафи кенгайиб бораётир. Бу спорт билан шуғулланиш учун яратилган шароитлар янада яхшиланаётгани, унинг тобора оммалашаётганидан далолатдир.

Ўтган йили ушбу мактабнинг 33 нафар тарбияланувчиси спортнинг турли йўналишлари бўйича мамлакат ва халқаро миқёсда ўтказилган беллашувларда совриндорлар қаторидан жой олди. Бу ерда шуғулланаётган болаларнинг 270 нафардан зиёди қизлардир.

2014 йилда сув спорти бўйича Малайзияда бўлиб ўтган халқаро мусобақада биринчи ўринни эгаллаган Ангелина Шимит улардан бири.

– Сув спорти билан беш йилдан буён шуғулланаман, – дейди Ангелина. – Шу кунларда навбатдаги халқаро мусобақаларга тайёргарлик кўрмоқдаман. Жаҳон ареналарида Ватанимиз – Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиш энг олий мақсадимдир.

Спорт болани чиниқтиришдан ташқари курашга, аниқ мақсад сари интилишга ундайди, иродасини тоблайди. Мамлакатимизда спорт билан мунтазам шуғулланиш учун яратилган ва яратилаётган шароит ва имкониятлар ёшларимиз ана шундай юксак фазилатларга эга инсонлар бўлиб камолга етишига хизмат қилмоқда.

Б.Ҳидоятов, ЎзА