ЎзА Ўзбек

13.11.2014 17:05 Болалар спорти

Чиниқиш ва маҳорат мактаби

Чиниқиш ва маҳорат мактаби

Президентимиз раҳнамолигида болалар спортини ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва юксак интеллектуал салоҳиятли инсонлар этиб тарбиялашга қаратилаётган алоҳида эътибор ўзининг юксак самараларини бермоқда.

Нукус шаҳар ихтисослаштирилган олимпия захиралари спорт мактабининг биноси жорий йилда мукаммал реконструкция қилиниб, навқирон авлоднинг жисмонан соғлом ўсиб-улғайиши учун барча шароит яратилди.

– “Давр қурилиш” масъулияти чекланган жамияти томонидан 1 миллиард 296 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди, – дейди спорт мактаби директори Бахий Жумамуратов. – Бутунлай янгича қиёфа касб этган мактабимиз Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан замонавий спорт анжомлари билан таъминланди.

Жисмонан чиниқиш ва маҳорат мактаби бўлган ушбу масканда айни пайтда 600 нафардан зиёд ўғил-қиз спортнинг белбоғли кураш, эркин ва юнон-рум кураши, дзюдо, каратэ турлари билан мунтазам шуғулланмоқда. Уларга 26 малакали устоз-мураббий спорт сирларини ўргатаётир.

Мактабда иқтидорли ёш спортчилар кўпчиликни ташкил этади. 2013 йилда 94 нафар тарбияланувчи мамлакат миқёсидаги мусобақаларда совринли ўринларни эгаллагани бунинг ёрқин тасдиғидир.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида ўтказилаётган турли мусобақаларда мактаб ўқувчилари фаол иштирок этаётир. Жумладан, дзюдо бўйича Урганч шаҳрида ўтказилган мусобақада 48 килограмм вазн тоифасида Нилуфар Эгамбердиева, Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида Асқар Иброҳимов 63 килограмм вазн тоифасида биринчи ўринни эгаллади.

Эркин кураш бўйича Зинетдин Тасимов, юнон-рум кураши бўйича Қамараддин Зинетдинов, Султонбек Акимов, Тўрабек Тиркашев, миллий кураш бўйича Омонгул Алланазарова, Жулдуз Мустафоева, Санеайим Еркинбоева, Эргаш Айтбоев, Қундуз Баймонова, белбоғли кураш бўйича Азизбек Бийсенбоев, Илҳом Эркинбоев, Камолбек Қодирбоев, Нилуфар Ермағамбетова, каратэ бўйича Замира Алиева сингари иқтидорли ёш спортчилар қўлга киритган олтин ва кумуш медаллар мактабнинг фахри ҳисобланади.

Бу ерда чиниқиб, маҳоратини ошираётган ёшлар халқаро мусобақаларда ҳам муваффақиятли иштирок этмоқда. Миллий кураш бўйича машғулотларда қатнашаётган Омонгул Алланазарова ва Жулдуз Мустафоева яқин кунларда Таиландда ўтказиладиган Осиё ўйинларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилса, Қундуз Баймонова декабрь ойида бўладиган жаҳон чемпионатида иштирок этади. Замира Алиева айни пайтда Германияда каратэ-до бўйича ўтказилаётган жаҳон чемпионатида қатнашмоқда.

Ҳа, Президентимиз раҳнамолигида навқирон авлодни ҳар томонлама рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш йўлидаги улкан ишлар самарасида бугун соғлом турмуш тарзи, оммавий спорт ва юксак маънавият каби муштарак тушунчалар ёшларимиз ҳаётининг мазмунига айланмоқда.

А.Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА