ЎзА Ўзбек

24.07.2014 16:30 Болалар спорти

Чемпионлар камол топаётган маскан

Чемпионлар камол топаётган маскан Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида болалар спортига қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида юртимизнинг барча ҳудудида замонавий спорт иншоотлари қад ростламоқда. Ушбу мажмуаларда ўғил-қизларнинг спорт билан шуғулланиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, ўз иқтидорини намоён этиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.

Пойтахтимиздаги 43-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ана шундай масканлардан биридир. Бу ерга келган киши атрофдаги орасталик, мусаффо ҳаводан тани яйраб, бадантарбия қилиш, спорт билан шуғулланиш учун ўзида куч-ғайрат сезади.

Ушбу масканда тажрибали мураббийлар 530 нафардан зиёд ўғил-қизга бадиий гимнастика, теннис, стол тенниси, камондан ўқ отиш, енгил атлетика ҳамда таэквондо (WTF) каби спорт турлари сир-асрорини ўргатмоқда.

– Фарзандининг соғлом бўлиб улғайиши ҳар бир ота-онанинг орзусидир, – дейди бадиий гимнастика бўйича мураббия Юлия Серикова. – Бу жараёнда болаларни ёшлигидан спортга ошно этиб тарбиялаш муҳим аҳамиятга эга. Ўғил-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларда учрайдиган айрим нуқсон ва камчиликларни бартараф этишда спорт энг яхши воситадир. Мисол учун, ёш болаларда учрайдиган сколиоз – умуртқа поғонаси қийшайиши хасталигининг олдини олиш ва даволашда спортнинг, айниқса, бадиий гимнастиканинг ўрни беқиёс экани мутахассислар томонидан исботланган.

Мактабнинг бадиий гимнастика тўгарагига 166 қиз аъзо. Тўгаракка қизлар тўрт ёшдан қабул қилинади. Азиза Мансурова, Лазиза Саъдуллаева, Зарина Убайдуллаева, Розалия Салимжонова, Виктория Хван, Юлдуз Мирзаева, Сожида Маъмуржонова, Зуҳра Ғафурова каби гимнастикачи қизлар турли мусобақаларда ўз маҳоратини намоён этиб, юқори натижаларга эришмоқда.

Спортга меҳр қўйган бу қизларнинг ҳаммаси ҳам келажакда чемпион бўлмаслиги мумкин. Аммо ҳозирдан тани соғлом, руҳи тетик, фикри тиниқ, иродаси мустаҳкам бўлиб улғаяётир.

Ўғил-қизларни спортга кенг жалб қилиш, машғулотларга қатнаётган болаларнинг қизиқиш ва маҳоратини янада ошириш мақсадида турли мусобақалар, профессионал спортчилар билан учрашувлар ташкил этилмоқда.

Мактабда тарбияланаётган болалар қатор спорт турлари бўйича мамлакат миқёсидаги мусобақаларда совринли ўринларни эгалламоқда. Айниқса, таэквондо (WTF) тўгарагига қатнаётган ёш спортчилар эришаётган натижалар таҳсинга лойиқ.

– Дилга туккан орзуларим, кўзлаган мақсадларим кўп, – дейди таэквондочи Наима Амирқулова. – Спорт билан мунтазам шуғулланиб, чемпион бўлиш, жаҳон ареналарида Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиш ниятидаман. Бу мақсадимга эришиш учун астойдил ҳаракат қиламан. Чунки юртимизда ёшларнинг орзусини рўёбга чиқариш учун барча имкониятлар яратилган.

ЎзА, Жавоҳир Тошхўжаев, Муҳаммад Амин (сурат)